Содда одамларни ўз ёлғонларига ишонтириб, шунинг орқасидан кун кўрадиган фолбинлар, тиббиётдан мутлақо бехабар-у, беморларнинг “жонига оро кирадиган” қалбаки табиблар бор. 
– Ўғлимнинг кўзи оғриб, тинимсиз ёш оқадиган бўлиб қолди, – дей­ди бир танишимиз. – Қўшнилар фолбинга боришни тавсия қилишди. Фолбин қора қўчқор сўйиб, қон чиқариш кераклигини айтди. Бозордан қўчқор сотиб олдик, айтилган ирим-сиримларини бажардик. Болам тузалиш ўрнига оғирлашди. Охири шифокорга мурожаат қилдик. Кучли шамоллаш бор экан. Дори-дармон муолажаларини қилгандик, ўғлим бир ҳафтада тузалиб кетди.
Бу каби ҳолатларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биров пешона тери билан топган пулини рўзғоридан қийиб ўз ихтиёри билан фолбинга топширадию, кейин афсус чекади! Бошқаси яхши томонга ўзгариш бўлаётганига ўзини руҳан ишонтириб, фирибгарга топганини ташийди, унинг домига қайта-қайта илинаверади. Бундай хатти-ҳаракатлар туфайли одамларнинг моддий зиён кўраётгани ҳам майлику-я, маънавий зиёнчи?! Баъзи гумроҳ кимсаларнинг сеҳр-жоду ишларига муккасидан кетганига гувоҳ бўляпмиз. 
Ислом дини фолбинлик, коҳинлик, сеҳргарликни кескин қоралайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким фолбинга бориб, унинг айтганларини рост деб тасдиқласа, Муҳаммад (алайҳиссалом)га нозил бўлган нарсадан озод бўлибди, яъни унинг зиммасида бирон диний мажбуриятларга ҳожат қолмабди”. Яна Зоти шариф айтдилар: “Ким фолбин ҳузурига кириб, ундан бирон бир нарса ҳақида сўраса, қирқ кунгача унинг намози қабул бўлмайди”.
 Маҳалла фаоллари, зиёли, кўпни кўрган қариялар бир ёқадан бош чиқариб аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борилса, бундай фирибгарликка чек қўйиларди.  
 
Бобур СОБИРОВ,
Сурхондарё вилояти Бойсун тумани