Ёш бола эдик. Опа-сингиллар ҳар бир байрамни зўр қувонч билан кутиб олардик. Роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг уйимизга ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бизга қанд-қурс улашардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайитига бағишланган шеърларни тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:
 
Моҳи Рамазон,
Азиз,  жонажон.
Сен келганинг он,
Қувонч бир жаҳон.
Йилда бир эмас,
Кўпроқ келсайдинг.
Бизга ёқишинг,
Кошки билсайдинг.
Моҳи Рамазон, 
Азиз, жонажон.
 
* * *
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,
Дастурхони тўкин бу ийд.
Йўқловларинг яна бойит,
Юраклардан ғамни арит,
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.
 
Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар , ёқимли мис­ралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади.
 
Зебо ОМОНОВА