Инсоннинг яхши-ёмон кунида қўни-қўшни асқотади. Халқимизда: “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган нақл бор. Шунинг учун маҳалладаги барча йиғинларда иштирок этиш, маърака ва маросимларда қатнашиш, беморларнинг ҳолини сўраш,  муҳтожлардан хабар олиб туриш каби ишлар кишининг фазилатини оширади.

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошларга, етимларга, мис­кинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!..» (Нисо, 36). Ояти каримада қўшнилар икки тоифага ажратилиб,  зикр қилинган: қариндош ва қариндош бўлмаган қўшнилар.

Мўмин киши дини, миллати ва насабидан қатъи назар, ҳаммага бирдай яхши муомалада бўлиши керак. Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса,  қўшнисига озор бермасин”, дейилган (Муттафақун алайҳ).
Икки одам бир вақтда уйига чақирса, уйи яқинроғиникига бориш, эҳсон ва ҳадяларни ҳам уйи яқинлардан бошлаш ҳақидаги ҳадислар ҳам инсонларни қўшниларга яхши муносабатда бўлишга чақиради.
Айниқса, байрам кунлари қўшнилар бир-бирига ҳадялар улашиши ораларидаги меҳр-муҳаббатни янада зиёда қилади. Халқимизнинг гўзал одатларидан бири – ҳайит кунлари қўни-қўшнилар бир-бирига ош улашади. Аслида бу арзимас нарсадек туюлар, лекин доно халқимиз мана шу кичкина иш билан ҳам қўшнилар ораси қанчалик мустаҳкам бўлишини билган. 
Қўшниларга яхшилик қилиш борасида Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан гўзал ўрнак бор. У зотнинг қўшниси ичкиликка берилган кимса эди. Уйига ичиб келиб, бақирар, тўполон қилар, унинг дастидан у зот оромини йўқотган эди. Бир кеча қўшнисининг овози чиқмай қолди.  Тонг отгач, у зот қўшнисини суриштирди. Қўшнисининг мастлиги сабаб қамалганини билгач, волий ҳузурига борди. Уни қамоқдан озод қилди. Бирга қайтиб келишаркан, йигит: “Мени қутқардингиз. Аллоҳ сизга ажр берсин!” деди. У ўша кундан бошлаб ичкиликни ташлади.
 
Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме  масжиди имом-хатиби