Мен шу кунларда ўз бошимдан кечирган бир воқеани “Кўпчиликка ибрат бўлса керак”, деган фикрда ёзяпман.
“Кексаларни эъзозлаш” йили муносабати билан биз, ёши улуғларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан хурсанд ва миннатдормиз. Ана шундай эътиборлар қаторида маҳалламиз қарияларини тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилишди. Мен ҳам бошқалар қатори турли йўналиш бўйича шифокорларнинг текширувларидан бир-бир ўтиб, навбатдаги хонага кирдим. Кулиб турган ўрта ёшли дўхтир тишларимни кўраркан:
– Хола, неччига кирдингиз? – деб сўради.
– Худога шукр, етмишдан ошдим...
Бу жавобимни эшитиб, шифокор ҳайрон бўлгандай касаллик варақамни қўлига олиб қаради, кейин кўзлари чақнаб:
– Бунақаси кам бўлади, холажон, тишларингизнинг ҳаммаси бутун, соғлом экан, – деди. Ке­йин хонадаги шерикларига қараб қўшимча қилди. – Ўттиз иккита тишлари марвариддек тизилиб турибди-я...
Шунда шифокорлар ишлатадиган буюмларни ювиб, чайиб, тартибга келтириб юрган аёл менга қараб:
– Бахтингиз бор экан! – деди. 
У бу гапни чин дилдан, шундай оҳангда айтдики, менинг кўнг­лимдан: “Тиш ҳам одамнинг бахти бўларканми?” деган фикр ўтди ва уни овоз чиқариб айтдим. Ҳозиргина тишларимнинг соғлигига хурсанд бўлиб, яна яхши тилаклар билдираётган оқ халатли аёллар жим бўлиб қолишди, мен хонадан чиқдим. Бўлган воқеа мана шу. Лекин сал ўтмай кутилмаганда озиқ тишимнинг илдизи симиллаб оғрий бошлади. Сал қаттиқроқ нарса тишласам, милкларим қонайдиган бўлиб қолди. Яна шифокорга бордим, у ҳайрон: “Нима бўлди, холажон, ёки... биз мақтаганимизга кўз тегдимикин?” деб ҳазил қилади. Ҳозир тишларимни даволатяп­ман. Лекин ҳар гал оғриганда, “Одамнинг жони дардли жойида бўлади”, деган мақол ёдимга тушади. Бутун танамга тарқаладиган озуқаларни малҳамга айлантириб берадиган тишларимнинг қадрини, хизматини энди тушунгандекман. “Соғлигинг – бойлигинг”, дейди халқимиз. Кунларинг осойишта, ҳаловатда ўтиши – бахтинг. Демак, соғлик ҳам бахт экан. Мен шуни англаб олишим учун огоҳлантириш ёки синовмикин бу дард?.. Доно табиблар: “Соғлигингизни йўқотмасдан аввал асранг”, дейишган. Шу билан бирга, унинг шукрини ҳам унутмайлик, азизлар.
 
Ҳабибахон МАМАТХОНОВА,
Фарғона вилояти