Бу воқеани менга устозим айтиб берган эди: «Термиз Давлат университетида ишлар, университетнинг малака ошириш курсида ҳам дарс берардим. Бу курсга нафақат Сурхондарёдан, балки қўшни Афғонистондан ҳам тинг­ловчилар келарди. Улар орасидан бир афғон йигити билан устоз-шогирд тутиндик. У дарслар тугаб, ҳамма уйига қайтар куни хайрлашгани ҳузуримга кирди.
Устоз, дарсларингиз тез тугаганидан афсусдаман, – деб гап бошлади. – Сиз, курсдошларим билан ўтган бу вақт мен учун энг яхши хотира бўлиб қолади. Нега дейсизми? Чунки юртингиз одамлари меҳр-мурувватли, шафқатли. Ҳаётингиз осуда, тинч. Энг асосийси шу эмасми?! Айниқса, болаларингиздан хотиржамсиз. Сизларда ота-оналар фарзандларини кузатаётиб: “Хайр, болажоним, мактабингизга бориб, аъло баҳолар олиб келинг, одобли бола бўлинг”, дейи­шади. Бизнинг юртда эса...
Афғон йигит жим қолди, лабларини тишлаганича деразадан олисларга тикилди. 
Юртимизда ота-оналар фарзандларини жўна­таётиб, – сўзида давом этди у, – хоҳ мактаб бўлсин, хоҳ бошқа жой бўлсин, ўкинч, қўрқув, хавотир ила: “Хайр, омон бўл. Худонинг  Ўзи асрасин! Қайтиб кўришмасак, дийдор қиёматда! Берган ошу нонимизга, қилган хизматларимизга розимиз. Сен ҳам биздан рози бўл!” дейишади. Чунки бизнинг юртда дайди ўқлар кўп. Улар қанчадан-қанча болаларнинг ёстиғини қуритди. Оналар бағрини тилка-пора этди. Фарзанд доғи уларни телба қилди. Оталар дийдаси аламдан, ноиложликдан қаттиқлашди... Менинг юртимдаги оналар ҳам диёрингиз оналари каби бахтли бўлишини истайман... Юртим тинчлигини жуда кўргим келади...
Уни жимгина эшитардим, холос. Нима деб кўзларидан оқаётган аламли ёшларни тўхтатишни билмасдим. Ўрнимдан туриб уни бағримга босдим, тасалли бердим. Йигит хайрлашиб, юртига жўнади. Аммо у менга унутилмас сабоқ берди – тинчлик нақадар азиз ва қимматли, кўз қорачиғидек асралажак неъмат эканини яна бир карра уқтириб кетди...»
 
Ҳошимжон  НИЗОМИДДИНОВ,