Нафл рўза тутган Маъруф Кархий ҳаз­рат­лари аср вақтига яқин бозордан ўтиб борарди. Бир мешкобчининг:
– Ё Аллоҳ, бу сувдан ичганга раҳмат ва баракотинг билан муомала қилгин, – деган дуосини эшитди. Шу ондаёқ ўша сувдан ичиб, нафл рўзасини бузди. Атрофдагилар:
– Нега оғзингизни очдингиз? Шомга оз вақт қолган эди-ку! – дейишди.
Маъруф Кархий айтди:
– Бундай қилиш билан сувчи дуосида сўраган раҳматга ноил бўлишни истадим.
Вафот этгач, уни тушида кўрганлар: “Аллоҳ таоло сизга қандай муомала қилди?” деб сўрашганида, ҳазрат Кархий жавоб берди:
– Сувчининг холис дуоси баракоти билан Раббим мени мағфират қилди. Менга марҳамат билан муомала этди.
Бу ҳикоя замирида одам Ҳақ розилигини топишда ҳассос бўлмоғи зарурлигини таъкидлаш ётади. Зеро, Аллоҳ таоло ризоси қай фақир табассумида, қай ғариб ташаккурида, қай мискин кўнгилнинг холис дуосида яширин эканини ҳеч ким билмайди.
Ҳақ таоло розилиги гоҳ катта, гоҳ жуда кичик яхши амаллар замирида бўлади. Шу сабабли мўмин охирги нафасигача ўйдим-чуқурга тўла йўлда улов бошқараётгандек диққат-эътиборли бўлишга мажбур. Зеро, эътиборсизлик билан айтилган бир оғиз сўз кишини ҳалокатга етаклаши мумкин. Ҳадиси шарифларда айтилади: «Бир киши: “Валлоҳи, Аллоҳ фалончини кечирмайди!” деди. Шунда ғойибдан нидо келди: “Фалончини кечирмаслигим ҳақида Менинг номимдан ким (қасам ичиб) ҳукм чиқарди? Мен фалончини кечирдим, сенинг амалларингни ҳабата (бекор) қилдим!”» (Имом Муслим ривояти); “Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни гапириб қўяди-да, шу сўзи туфайли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди” (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Сиз аҳамият бермай, шундай ишлар қиласизки, биз уларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳалок этувчи катта гуноҳлар деб ҳисоблардик” (Имом Бухорий). Яъни, асҳоби киром Аллоҳга бўлган теран хушу ва тақволари туфайли, биз кичик билган хатоларни гуноҳи кабира санашарди. Чунки улар  учун аҳамиятлиси хатонинг катта-кичиклиги эмас, амрига қарши борилган Зотнинг улуғлиги эди.
Қуръони каримда бундай баён қи­лина­ди: «Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил фаҳмлар эдингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир» (Нур, 15).
Баъзан эса инсон нафсига алданиб, мўмин биродарини пастга уради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло азиз қилиб яратган бандасини хорлаш катта гуноҳлардан: “Мусулмон биродарини хор кўриши кишининг ёмон эканига кифоя қилади” (Имом Муслим ривояти).
Ривоятга кўра, бир киши ҳазрат Луқ­монга: “Мунча хунук бўлмасанг!” деди. Луқмони ҳаким ҳикматга тўла савол билан жавоб берди:
– Бу гапинг билан нақшни айблаяпсанми, Наққошними?
Аллоҳ таоло огоҳлантиради: «(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!» (Ҳумаза, 1).
Банда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ҳамиша ғайрат қилиши зарур. Бунинг ягона йўли эса, Қуръон ва суннатни маҳкам тутишдир. Бу борада фақат одамларга эмас, жамики махлуқотга марҳаматли бўлиши керак. Бинобарин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушугини оч қолдириб, қийнаган ибодатли аёлнинг жаҳаннамга дучор этилгани хабарини берадилар.
Аллоҳ таоло барча мавжудотни инсон учун яратди ва унинг хизматига бўйсундирди. Гўшти ҳалол ҳайвонларни фақат ейиш мақсади билан овлашни ҳалол қилди. Бундан бошқа ният, яъни кўнгил очиш ва зийнат ашёси учунгина ўлдиришдан қайтарди. Ўрни келганида, давримизга оид бир шафқатсизликни айтиб ўтиш зарур. Қимматбаҳо мўйна олиш учун қундузнинг тириклайин териси шилинади. Кўпроқ пул топиш, ўша мўйнани кийиб, бошқаларга ўзини кўз-кўзловчилар шодлиги учун шундай қилинади. “Марҳамат қилганларга Раҳмон Зот – Аллоҳ таоло марҳамат кўрсатади. Ер юзидагиларга шафқат ва марҳамат кўрсатингки, осмондагилар сизга марҳамат этсин” (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисга таянадиган бўлсак, бундай қаттиқ юракли одамга Яратган марҳамат қилармикан?
Аллоҳ таоло марҳаматлилик мусулмоннинг алоҳида сифати бўлишини истайди, марҳаматли бандасини яхши кўради. Шундай экан, Ҳақ таоло розилигини истаган банда Унинг ризоси, ғазаби ҳам баъзан катта, баъзан жуда кичик нарса-амаллар қатида эканини ёдда тутиши, бу фоний дунё абадий ҳаётнинг сармояси эканини унутмаслиги керак.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.