Эрталаб ишга отландим. Бекатда анча туриб қолдим. Ниҳоят, улов келди. Бир йигит билан олдинма-кейин чиқдик. У билан манзилимиз бир экан. Тушаётиб йўлкирага озгина етмаётганини, Худо хоҳласа, эртага албатта қўшиб тўлашини айтиб, пул узатди. Аммо ҳайдовчи эшитишни истамади.
Мен иримчироқман. Эрталабдан тўлиқ пул олиш керак. Бўлмаса, кунлик планим тўлмайди, – деди.
Амаки, уйдан шошилиб чиққандим, пул олишни унутибман, – дея изоҳ берди йигит.
Пулинг йўқ экан, нега чиқасан, сурбет? Кунимни расво қилдинг!..
Ҳамроҳим хижолатдан қизариб кетди.  Ҳайдовчига пул узатдим:
Қайтими йигитнинг етмаган йўл ҳақи учун.
Йигит раҳмат айтди. Қўярда-қўймай телефон рақамимни олди. Керак эмас, деб қанча тушунтиришга уринмай, қарзни бугуноқ қайтаришга ваъда берди. Айтганидек, кун охирламай, ишхонамга пулни ташлаб кетди. Аммо эрталабки дилхиралик кечгача хаёлимдан чиқмади.
Иримчи ҳайдовчининг гапи қулоғим остида жарангларди: “Эрталабдан пулни тўлиқ бермасанг, кунлик планим тўлмай қолади...”
Аслида, ризқимиз бунақа ирим-сиримларга боғлиқ эмаслигини ўшанда ҳайдовчига тушунтирмоқчи эдим, аммо у эшитадиган ҳолда эмасди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Албатта, банданинг ўз ризқи бор. Агар жин ва инсонлар у (ризқ)дан бирор нарсани ун(га келиши)дан тўсиши учун йиғилсалар ҳам, бунга қодир бўлмайдилар” (Табароний ривояти).
Шу билан бирга, ояти карималарда, ҳадиси шарифларда қилинган гуноҳлар ризқдан барака кетишига сабаб бўлиши айтилади. Аксинча, тақво қилиш, яхшиликларда, дуода, зикрда, тўғри йўлда бардавом бўлиш, кўп истиғфор айтиш билан ризқимиз кенгаяди.
Бу каби тушунчалар эътиқодимизда мустаҳкам шаклланиши керак. Ана шунда ирим-сиримларга ишониб, хато қилмаймиз, одамлар дилини ҳам оғритмаймиз.
Лапас ФАРМОНОВ,
Чироқчи тумани