Ҳар бир қиз келин бўлар экан, кўнглида қувонч билан бирга ҳаяжон ва қўрқув ила ўзга хонадон остонасига қадам қўяди. Менда ҳам шундай бўлди. Бошда, соддалигим сабабми, қайнонам билан қандай гаплашишни ҳам билмасдим. Катта ҳаётий тажрибага эга аёл бўлган қайнона-ойижоним ҳаяжонни, қўрқувни енгишимга ёрдам бердилар. Асло қаттиқ гапирмас, хатоларимни ширин тил билан тушунтирар, уй юмушларида кўмаклашардилар. Билмаганларимни ҳеч оғринмай ўргатардилар.
Вақт ўтиб, фарзандли бўлдик. Қай­нонам чиллалисиз деб, қирқ кун уйдан чиқармадилар. Фарзандимга ҳам, менга ҳам ғамхўрлик қилдилар. Ўзлари овқат пиширар, уй, ҳовлиларга қарар, кирларни ҳам ювардилар. Қирқ кундан кейин кўча супургани чиқсам, қўшнилар янги келинчак билан кўришгандек сўрашишди. “Ҳақиқий чиллани сиз сақладингиз”, дейишди ҳавас билан. Шундан кейин қайнона-ойижонимга янада меҳрим ортди...
Ҳозир 4-босқич талабасиман. Қизимни боғчага бермоқчи бўлсам: “Йўқ, мен ўзим қарайман”, деб кўнмадилар. Фарзанд тарбияси борасида ҳам энг яхши маслаҳатчим – қайнона-ойижоним.
Тан оламан, ҳали ҳаётий тажрибам жуда кам, хатоларим кўп. Лекин шу кунгача турмуш ўртоғим бирор марта койимаган, доим яхши гап билан йўлга соладилар. Чунки у киши ҳам қайнонамнинг тарбиясини олган. Иншааллоҳ, фарзандларим ҳам шундай гўзал тарбия билан вояга етишади...
Бу ёзганларим шунчаки гаплар эмас. Чин дилдан чиққан изҳорларим. Буларни билдиришдан асосий мақсадим – бошқа қайноналар ўрнак олишсин. Токи мен каби ёш, ғўр, тажрибасиз келинлар борган жойларида ўз ўринларини топиб кетишсин. Бахтли ҳаёт кечиришсин.
 
Муборак РАҲМАТХОНОВА,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси