– Чиптангиз борми?
Шундай дея автобусдаги тиқилинчни ёриб, йўловчилар орасидан ўтиб бораётган назоратчи ҳамма қатори нуроний отахонга мурожаат қилди.
– Ҳа, – деди отахон салмоқ билан, – йўлкира ҳам бировнинг ҳақи. Фалокатдан асрасин, тўртта ғилдирак устида кетяпмиз, ахир.
Бу сўзларни эшитиб, ўйга толдим. Устозлардан бири сўзлаб берган воқеани эсладим. Айтишича, у кишининг отаси ва бобоси Қўқон аравада узоқ сафарга чиқишибди. Ўғил отларни бошқарар, ота эса аравада ухлаб кетаётган экан. Бир маҳал арава йўл четида тўхтабди. Уйғониб кетган ота қараса, ўғли дала четидаги тутга тирмашаётганмиш.
– Ҳа, болам, нима гап? – деб сўрабди.
– Қамчим синиб кетди, – жавоб берибди ўғил, – хипчин учун новда кесмоқчиман.
– Эгасидан сўрадингми?
– Қизиқмисиз, ота, каттакон дала бўлса, эгасини қайдан топаман?..
– Эгасини рози қилмай олган нарсанг билан манзилга омон етаман деб ўйлаяпсанми, нодон! – дея ўғлини уришибди ранжиган ота. – Отга мин, анави арқонни кесиб, қамчи қил!
Шу ўйлар билан борарканман, дилимда ифтихор туйғулари уйғонди – қандай улуғ аждодларга авлодмиз! Ҳалоллик ҳамиша миллатимизнинг бош фазилати бўлиб келган.
Илоҳим, умр йўлимизни ҳалоллик билан босиб ўтиб, саодат манзилига саломат етиб бориш барчамизга насиб этсин!
 
Собиржон ОТАБОЕВ,
Бувайда тумани