Қўшнимнинг ўғли Муродга ҳавасим келади. Қизиққон, уддабурон бола. Кичиклигидан сартарош Сапарбой акага эргашди. Ўқишдан бўш вақтлари устози ёнида ёрдамчи бўлиб, касб сирларини пухта эгаллади. Бир суҳбатимизда Мурод шундай деди: “Опа, ҳалол меҳнатнинг нони ширин бўларкан”. Унинг сўзларидан қувондим. 
Ҳадиси мубораклардан бирида марҳамат қилинади: “Бирор киши қўл меҳнати билан (топиб) ейилгандан кўра яхшироқ таом емади. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати билан (топиб) ердилар” (Имом Бухорий ривояти).  
Барча Пайғамбарлар касб-ҳунар  эгалари бўлганлар. Одам (алайҳиссалом)  деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) ва Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Идрис (алайҳиссалом)  тикувчилик, Муҳаммад (алайҳиссалом)  тижорат билан шуғулланганлар. Довуд (алайҳиссалом) эса темирчиликни касб қилганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: “Довуд (алайҳиссалом) катта подшоҳлардан бўлиши билан бирга совут тўқиб сотиб, ундан тушган маблағ билан кун кечирар эдилар. Аллоҳ таоло унга темирни мулойим қилиб қўйганди”. 
Ҳалол касб қилган инсон Аллоҳ таолонинг розилигини топади. Халқига ва Ватанига фойда келтиради. Фарзандларимизга, қўни-қўшни, маҳалладаги ёшларга бефарқ бўлмай, уларга ҳаёт йўлини тўғри танлаши учун қўлидан тутиб, касб-ҳунарга йўналтира олсак, иншоаллоҳ, биз катталар ҳам Аллоҳ таолонинг розилигини топамиз.
 
Тамара Досымбетова,
Нукус шаҳри