Халқимиз жуда болажон. Шу боис ҳар бир ота-она ўз фарзандининг таълим-тарбия­сига алоҳида эътибор билан қарайди. “Бола бошидан”, “Бир болага етти қўни-қўшни ота-­она” деган мақоллар ҳам ана шу асосда юзага келган. 
Бироқ аксарият ҳолларда ота-онанинг тарбия борасидаги озгина хатоси сабаб болаларимизда одобсизликнинг баъзи аломатлари кўзга ташланиб қолади. Сир эмаски, кўпинча тарбия жараёнида қўрқитиш усулини қўллаймиз. Унинг салбий оқибатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Сўзимизга кирмаган кичкинтойларни турли нарсалар – ялмоғиз, ажина кабилар билан қўрқитамиз. Мутахассисларнинг фикрича, бу нотўғри экан.
Айрим ота-оналар тартибсизлик қилаётган болаларини совға қилинган нарсани тортиб олиш ёки қайтиб ҳеч нарса олиб бермаслик билан  қўрқитадилар. Бу эса болада айтган сўзидан қайтиш мумкин деган фикрни уйғотади. Бола ваъда бериб, уни бузиш мумкинлигига ишона бошлайди. Энг ёмони, қўрқитилиб ўстирилган бола руҳан мажруҳ бўлиб қолади. Агар фарзандингизни комил инсон, мустақил шахс сифатида шаклланишини истасангиз, қўрқитишни ўрнак бўлиш усули билан алмаштиринг. 
Ривоят қилишларича, бир киши Имоми Аъзам (раҳматуллоҳу алайҳ)нинг хузурига келиб, фарзандининг кўп ширинлик ейишидан арз қилиб, маслаҳат сўради. Имоми Аъзам уларга қирқ кундан кейин келишларини айтди. 
Халиги киши айтилган муддатда келди. Шунда Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) боланинг бошини силаб: 
Болам, энди кўп ширинлик емагин! – деб айтди.
Бу ҳолдан таажжубланган ота Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)га деди:
Бор-йўғи бир оғизгина сўзни айтиш учун қирқ кун кутиш шартмиди?
Шунда у зот жавоб қилди:
– Қирқ кун аввал келганингизда тонгда асал егандим. Ўшанда, ширинлик емагин десам, сўзимнинг қадри бўлмасди. Қирқ кун давомида парҳез қилдим, ширинлик емадим. Унинг қийинчилигини танам ҳис этди... Хотиржам бўлинг, болангиз бундан кейин ширинлик емайди, деди.
Болалар феъл-атворини яхшиламоқчи бўлсак, уларни тақиқлар гирдобига ташламай, аввал ўзимиз ёмон ишлардан воз кечишимиз керак. 
Болангизга овқатдан аввал ва кейин қўл юв, дея такрорлайвергандан кўра, ўзингиз ҳар гал бунга амал қилинг. Шунда ўзингиз амал қилган ва ишонган ҳақиқатларга фарзандингиз ҳам ишонади, амал қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Аллоҳ бизга омонат қилиб берган фарзандларнинг тарбиясига сабр ва матонат билан ёндошишимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
 
Кимсанбой ҚУРБОНОВ,
Андижон вилояти Балиқчи тумани