Худойимнинг шафқати, ҳиммати чексиз. Бирни олиб, юзни бераркан. Очилди акам туғилишдан забонсиз, лекин ўта онгли, ҳар қандай мушкул ишни уддалайдиган жуда меҳнаткаш инсон. Жисмонан бироз заиф Норхол янгам билан бир-бирларига суянч, тиргак бўлиб яшашяпти. Улар ҳаётидан умрим давомида воқиф бўлдим, чунки ҳамсоя келин бўлиб тушганман. Ҳар тонг акам ва янгамни жойнамоз устида кўрганман. Икки ёрти бир бутун бўлиб, ҳалол меҳнат билан болаларининг “суяги”ни қотиришди. Акам халқ подасига ўзларининг чорваларини қўшиб, тоғларда боқиб, яна қўлларидаги ҳунарлари билан шуғулланиб оила тебратди. Рўзғор тутишлари жуда тартибли, уйлар таъмирланган, керакли асбоб-ускуналар доим ўрнида, соз туради. Янгам эса эр топиб келган пулни жой-жойига сарф қилади. Албатта, бу ишлари вояга етиб келаётган болалари тарбиясида ўрнак бўлди. Нима ҳалол, нима ҳаромлигини кўриб, билиб ўсдилар. Энди ўйлаб кўрсам, улар фарзандларига ва бизга ҳаёт сабоқларини ўқитган эканлар. Чунки отамиз эрта қазо қилганлари боис, онам ва биз акамнинг қарамоғларида қолганмиз.
Ҳозирги пайтда акам ҳамма фарзандларини уйли-жойли қилиб, уларнинг ардоғида тиниб-тинчиб файзиёб хонадонда яшаяптилар.
Бундай надоматсиз ҳаёт, бу юз ёруғликнинг илдизи қаерда? Фақат тўғри тарбияда. Фарзандини “Ҳали ёш, ўйнаб-куладиган вақти, ўзи қуюлиб қолади”, деган одам ўзи билмаган ҳолда текинхўр, ношуд, енгил ҳаётга интиладиган бола тарбиялаб қўйиши мумкин.
Охират азобини тортмай, ҳаёт­лигимда роҳатини кўрай деган инсон фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмайди. Мен акам ва янгам – маънан бой, ақлли, ўткир зеҳнли – Аллоҳнинг суюмли икки бандасига лойиқ сўз тополмайман...
Биз бир умр улардан қарздормиз ва таъзимдамиз.
 
Малоҳат РАФИҚОВА,
Самарқанд вилояти, Ургут тумани