“Олтмиш тўрт ёшдаман, – деб ёзади Фарғона вилояти Данғара туманидан Аҳрор Алимов. – “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасини оила аъзоларимиз билан мунтазам ўқиймиз.
Бир сабаб билан сизларга хат ёзяпман: ўтган йили Чимён сиҳатгоҳида 76 ёшни қоралаган бухоролик Комил Ҳамдамов билан яқиндан танишиб қолдик. 
Узоқ йиллар мактабда математика фанидан дарс берган бу камтар, камсуқум инсоннинг бир дафтарга тўла шеърий қораламаларини ўқиб чиқдим. Одамийлик, имону диёнат, ҳалоллик, тўғрисўзлик ҳақида ёзилган бу шеърий машқларни дам олувчилар биргаликда мароқ билан ўқидик. Бу тортинчоқ, андишали инсоннинг ёзганлари кўпчиликка манзур бўлса керак, деб ўйладик ва мен Сизларга улардан айримларини юборяпман...”
Ёнингдаги одамларнинг ютуқлари, эзгу ишларидан қувонмоқ, бу ҳақда бошқаларга хабар бермоқ, ўзинг баҳраманд бўлган эзгуликни атрофдагиларга ҳам раво кўрмоқ қандай яхши фазилат!
Аҳрор Алимовнинг мактублари учун миннатдорчилик билдириб, эътиборингизга Комил Ҳамдамов ижодидан намуна ҳавола этамиз:
 
Ёдингдан чиқарма
 
Барча мавжудотни яратган У Зот,
Барига ризқу рўз тарқатган У Зот.
Қуёшдан тафту нур таратган У Зот –
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Қатрадан чиқариб комил этар У,
Эрта не бўлишин фақат билар У.
Фарзини бажарсанг, раҳмат қилар У,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Барча дуолар ҳам бўлмас ижобат,
Худонинг хоҳиши бўлади албат.
Чин дилдан тиласанг беради  мадад,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Аллоҳдан қўрққанлар қилмайди гуноҳ,
Сен ҳам қўрқувчи бўл, бўлмагил гумроҳ,
Ҳар бир қадамингдан Ўзидир огоҳ,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Қай қалбда камайса гар зикри Аллоҳ,
Ўша қалбдан шайтон топади паноҳ,
Ҳар қилган амали бўлади гуноҳ...
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Комил тавба қилгин, қилгин ибодат,
Бу жон бугун сенга эрур омонат.
Бақода умидинг бўлса гар Жаннат,
Аллоҳни ёдингдан чиқарма асло.
 
Комил ҲАМДАМОВ,
Бухоро вилояти Олот тумани