Ўзгалардан гумонсираш, нотўғри хулоса чиқариш ахлоқий хасталикдан биридир. Халқимиз гумон имондан айиради, дейди. Бировлар ҳақида шубҳа ва гумон тарқатадиган кимса одамларнинг фикрини чалғитибгина қолмай, эзгулик чаманзорини пайҳон қилади.
 
“Шаҳарда ишимдан таътил олиб, қишлоққа бордим, – дейди таниш аёл. – Турмуш ўртоғим вафот этганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Келин бўлиб тушган уйимга бориб, у ердагилар билан омонлашиб кетай, дедим. Борсам, ҳаммасининг қовоғидан қор ёғяпти. Совуқ муомала қилишди. Кетишимни ҳам, ўтиришимни ҳам билмай қолдим. Қайинакам ҳамиятимга тегадиган гап айтди. Бу туҳмат гапдан вужудимни совуқ тер босди. Ўзимни оқлашга ҳарчанд уринмай, ҳеч бирлари ишонишмади... – Аёл кўзёшларини артди. Унга тасалли бердим. Аммо туҳматдан, гумондан азобланган қалбга бу малҳам бўладими?!
Бу гапни ким чиқарганини, ким қайинакамга айтганини эшитдим. У шаҳарда ҳамкасбим билан дўконда юрганимни кўрган эди. Унинг ёмон ўйга боришини билмаган эканман...”
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”, дедилар». 
Ёмон гумон, албатта, бирор ёмонликка олиб боради. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганлар. У зот (алайҳиссалом) қайтарган амаллардан сақланиш бир суннатни тирилтириш каби савоби катта амалдир.
 
Маъмура АБДУРАҲИМОВА,
Фарғона вилояти