Ҳозир 78 ёшдаман. Кексалик, касалликлар туфайли доим уйдаман. Фарзандларим, келину невараларим барака топишсин, аҳволимдан ҳамиша хабардор, меҳрибон, ҳеч нарсага зориқтиришмайди. 
 
Китоб, газета-журналлар ўқиб, телевизор кўриб, дунёда бўлаётган воқеалардан воқиф бўламан. Айниқса, кейинги пайтларда айрим ёшларнинг ўзлари билмаган-танимаган турли гуруҳ ва оқим вакилларининг интернет орқали берган ёлғон ваъдалари, асоссиз чиқарган ҳукмларига алданиб, ота-­оналарини норози қилиб, она-Ватанни тарк этиб, бегона юртларда сарсон-саргардон юрганлари ҳақида эшитсам, хаёлимга: “Ҳой болам, тўхта, саробга ишонма. Ёт элларда подшоҳлик тожу тахтига эришганлар ҳам охир-оқибатда она юртнинг бир кафт тупроғига зор бўлган”, деган гап келаверади. Бу фикримга тарихда мисоллар жуда кўп. Улардан бири шоҳ ва шоир Мирзо Бобур тақдири...
 “Бобурнома” асарини бир неча марта ўқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машаққатли ҳаёти қалбимга яқин бўлиб қолган. Қаранг, у ўзга юртда подшоҳ бўлиб, бобурийлар салтанатига асос солиб, ўша мамлакат маърифат ва маданиятини юксалтириб, халқларини бирлаштириб, қасрлар қурдириб шоҳона яшаган бўлса-да, умрининг охиригача она-Ватани иқлими, тупроғида унган неъматларга, қондош элига зору интизор бўлиб ўтди, ҳар тонгда улардан хабар кутди, майса қуёшга интилгани каби қалби Мовароуннаҳрга талпинди. 
Мустақиллик йилларида менга яна бир ажойиб имконият насиб этди. Қуддус шаҳридан Қандаҳор шаҳригача Бобур Мирзо юрган йўллардан ўтдим. Шоҳ Бобурнинг Қобул шаҳридаги “Боғи Эрам” тепалигида жойлашган қабрини зиёрат қилдим. У ердаги гулу гиёҳлар ҳам “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш”, деб нола қилаётгандай эди...
Ўзбекистонимиздаги янгиланишлар, ижобий ўзгариш­лар, тараққиётдан ёш бола каби қувонаман.  Умрнинг, куч-қувват, кўз нурининг қадр-қимматини мен кабилар яна ҳам чуқурроқ ҳис қилиб, тушунсалар керак. “Қанийди, имкониятим бўлса-ю, қолган умримнинг ҳар соати, кунини жонажон Ватанимизнинг равнақи учун, заррача бўлса-да, ҳисса қўшиб ўтказсам”, деган ширин орзу дилимдан такрор-такрор ўтаверади. Лекин тақдиримиз Яратганнинг измида...
Шу кунларга етказганига шукр қиламан. Ота-оналар, кексалар ёш ўғил-қизларимизни ношукрлик балосидан асрайлик. Шунда уларни икки дунёнинг азобу уқубатларидан ҳимоя қилган бўламиз. 
 
Жўра бобо ЙЎЛЧИ ўғли