Инсон баъзида беҳуда ташвишлар, орзупарастлик ҳамда кеча ва эртанинг оғир юкидан асабийлашиб хотиржамлиги, ҳаловатини, энг асосийси, Аллоҳнинг буюк неъмати – соғлигини йўқотади. 
Ҳеч қачон ўзингизни фаолиятсизлик тўрига ташламанг. Сизни қийнаётган ўтмиш воқеалари ҳамда келажакнинг оғир юкини елкангиздан ағдариб ташланг! Ўтган нохуш воқеаларни энг кучли тўсиқ билан тўсинг. Чунки уларни эсласангиз, кўпинча изтироб, қайғу-алам... ёки бўлмаса кўзларингиз ёшланади. Келажак ҳақида орзу қилишда ҳаддингиздан ошмасангиз, ўз кучингизни сақлаб, нафақат ҳаловатингизни, балки кўплаб ютуқларни ҳам қўлга киритасиз. Чунки кеча ва эртанинг ташвишлари бугунги кун учун ҳам яшаш имкониятларингизни камайтиради. Аслида, биз учун БУГУН муҳим ва аҳамиятлидир. Ҳар бир кун, ҳатто олган нафасимиз қайтарилмаслигини унутмайлик.
Вақт ўтиб ҳар бир муаммо ечимини топади. Йўқотишларнинг ҳам ўрни тўлади. Бугунимиз – атиги йигирма тўрт соат. Уни кераксиз, ноўрин иш-ташвишларга сарфламайлик. Бугунимиз қандай ўтказилса, эртанги кун унинг давомчиси бўлади.
Агар ўзимизни тафтиш қилсак, арзимас нарсаларга ҳам хафа бўладиган, ўзгаларнинг хатоларини кечирмайдиган одамга айланиб бораётганимизни тушунамиз.
Ҳар бир соатингизни режалаштиринг. Ҳар бир кунни асрасангиз, ойлар, йиллар беҳуда кетмайди.
Энг оғир ҳолат ва муаммоларда сабр билан қалб осойишталигига эришиш мумкин. Шу билан ўзимизни келажакнинг номаълум зарбаларидан ҳам асраймиз, иншоаллоҳ.
Ўтган кундан сабоқ ва керакли хулоса чиқариб, эртанги кунни орзулар ва имкониятларнинг чегарасидан чиқмаган ҳолда режалаштирган яхши.
Бугунги ишларни Аллоҳга таваккал қилиб бошлайлик. Кутилмаган муаммолар, иншоаллоҳ, ўтиб кетади, ечими Ўзига осондир, ҳар бир ишнинг ҳикмати бор.
 
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи, 
Қибрай тумани