Оч кўзларингни бас, бу қадар ғафлат, эй кўзим,
Умринг ғанимат оч назари ибрат, эй кўзим,
Ибрат кўзингни очмасанг, атрофингга боқ,
Бир-бир кетар кўзингдан учиб давлат, эй кўзим.
Абдулла АВЛОНИЙ
 
Нарса ва ҳодисаларга синчиклаб боқиб, тўғри хулоса чиқариш, ўрнак олиш ибрат назари дейилади. Ибрат кўзи пардаси очилмаган кишилар дунё китобида ёзилган ҳақиқатни кўролмайди.
Инсонда кўз бор, қулоқ бор. Аммо кўрган-эшитганларига ҳамма ҳам эътиборли бўлавермайди. Инчунин, бурни тагидаги нарсани кўрмайдиганлар ҳам бор.
Кўзи ожиз одамни “кўр” деб бўлмайди. Чунки у қаерга боришини билади. Дунёда энг ёмон кўрлик – эртани кўра олмасликдир. Ойбек домла бундай деган: “Деҳқонлар эрта куннинг об-ҳавосини янги чиққан ойнинг ўроғига қараб тахминлашар экан. Ўтмишни билмасдан бугунни, бугунни билмасдан эртани кўриб бўлмайди”.
Донишмандлардан бири: “Энг ёмон нарса – кўрган-билганларидан хулоса чиқара олмаслик”, деган. Кўзи очиқ одамларнинг “кўр”лиги шундаки, улар: “Ҳай, ҳай, қовун пишиб, ёз ҳам келиб қолибди, ёз ўтиб, яна қиш келиб қолибди, билмабмиз-а” дея ғафлатда қолганини ғурурланиб гапирадилар.
Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлата билмаган, ўзининг кимлигини англай олмаган, фақат бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртанги кун, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган гумроҳ кишиларни “ғофиллар” деб атайди. Бундай одамлар ҳақ гапни эшитса-да, тафаккур қилмайди, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрса-да, кўрмасликка олади. Панду насиҳатни эшитса-да, унга амал қилмайди. Афғонларда бундай мақол бор: “Ўзгалар айбини кўришга зўрсан, лекин ўз айбингни билмайсан, кўрсан”.
Ватанга муҳаббат, ота-она, оилага, урф-одат, удум, миллий қадриятларга, униб-ўсган юрт, ота эккан дарахт, она тебратган бешикка муҳаббатни туймаслик – кўрлик, маънавий сўқирлик, яна ҳам очиғи, элдан чиқиш деганидир.
 
Абдуҳамид ИСҲОҚОВ,
Халқ таълими аълочиси, Риштон тумани