Ассалому алайкум “Ҳидоят” журнали ижодкорлари! Мен журнални ўқиб, дунё ва охират учун керакли илмларни ўргандим. Сизга мактуб йўллашдан мақсадим ҳаётий бир воқеани ибрат учун “Ҳидоят” мухлисларига тақдим этишдир. 
Бизнинг Хонақо қишлоғида яшовчи Юсуф бобо қўй-эчкиларини боқиб юрган кунларнинг бирида бир эчкиси йўқолиб қолади. Атрофдаги чўпонлардан сўраб-суриштиради, лекин тополмайди. Қишлоқлар оралиғи 10–15 км, тарқоқ жойлашгани сабаб, ҳамма чўпонлардан сўрашнинг иложи бўлмайди. Ниҳоят, эчкидан умидини узади. Кунларнинг бирида “Тариқпоя” қишлоғида яшовчи Шойим чўпонда бир бегона эчки борлигини эшитиб қолади.
Чўпон йигит билан салом-аликдан сўнг, бундан уч йил олдин бир эчки йўқотганини айтади. Шунда йигит: “Бобо, эчкини танийсизми?” дейди. Юсуф бобо сурув орасидан ўз эчкисини таниб, кўрсатади. Чўпон йигит: “Бобо, мана булар эчкингизнинг бу йилги, булар эса ўтган йилги болалари”, деб, яна тўрт-бешта эчкини ажратиб беради. Чўпоннинг ҳалол инсон эканидан таъсирланиб, кўзига ёш келган Юсуф бобо: “Ўғлим, сурувингга Аллоҳ барака берсин. Чўпон ўтган Занги бобонинг ҳимматлари сенга ёр бўлсин!” деб дуо қилади ва эчкилардан биттасини ҳадя этиб, қолганларини ҳайдаб кетади.
Чўпон йигитнинг қишдан беталофат чиққанини, баҳорда эчкиларидан ўттизтасининг эгиз туғиб, сони ортиб кетганини эшитган Юсуф бобо: “Ё Аллоҳ! Бировнинг ҳақидан қўрқадиган ҳалол, тақволи бандаларингдан Ўзинг рози бўл!..” дея яна дуо қилади...
 
Сирожиддин МАМАДИЁРОВ,
Хатирчи тумани