Ҳеч мулоҳаза қилиб кўрганмисиз, яхши билан ёмонни бир-биридан фарқлайдиган омиллар қаердан келиб чиқади, уларни инсоннинг ўзи пайдо қиладими ёки ташқи муҳит?..
Яқинда бир ёш дўстим афсусланиб: “Нима учун баъзи одамлар яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарадилар?” деб мендан маслаҳат сўради.
Кейин маълум бўлишича, мендан маслаҳат сўраган йигит яхши ният билан тижорат бошлаган экан. Моддий тангликда бўлган бир дўстини инсонийлик жиҳатдан ўз тижоратига шерик қилади. Лекин афсуски, ўша дўсти унга панд бериб, оқибатда тижорат касодга учрайди. Дўстим бу мусибатни тақдирдан билиб, сабр билан ишни қайтадан бошлайди. Шеригидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилмай, уни кечиради.
Аммо собиқ шериги “яхшиликка ёмонлик” қабилида иш тутиб, дўстимнинг обрўсини тўкадиган гап-сўзларни тарқатади. Ҳа, омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик, яхшилар ортидан туҳмат ёғдириш катта гуноҳ бўлса ҳам, афсуски, орамизда шундай кимсалар учраб турибди. Мен дўстимга яхшига ҳам, ёмонга ҳам яхши муносабатда бўлиш гўзал ахлоқлардан эканини ҳамда ёмон инсонга ёмонлиги бир кун ўзининг бошига етишини сўзлаб, бироз тасалли бергандек бўлдим.
Чунки муқаддас динимизда ҳар бир инсон заррача яхшилик ёки ёмонлик қилса, албатта, бу учун Аллоҳнинг Ўзи мукофот ёки жазо бериши таъкидланади. Хусусан, Аллоҳ таоло яхшиликнинг мукофоти ҳақида бундай марҳамат қилади: «Эҳсоннинг, яъни яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» (Ар-Роҳман, 60).
Тўқсон ёшни қаршилаган нуроний Муҳам­мад Али ҳожи бободан: “Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, дунёда яхши инсонлар кўпми, ёмон кимсаларми?” деб сўраганимда, отахон: “Жамиятнинг осудалиги яхшиликнинг кўплиги ҳамда ёмонликнинг камлигига боғлиқдир. Яxшилик кўпайиши учун ҳаракат бўлмаса, яхшилар ва яхшилик вақт ўтиши билан камайиб кетиши мумкин... Умрим давомида яхши инсонларни кўп учратдим. Яъни, яхшилар кўпдирки, ҳаётимиз бардавом”, деб жавоб бердилар.
 
Анвар Ғуломов,
Ички ишлар фахрийси