Борар бўлсанг ўзга юртга сафарга, биров сендан “Наслинг ким?” деб сўраса, сен унга: “Алжабр ҳам Алмуқобала” илмини яратган, жаҳонга машҳур Мусо ўғли Ал-Хоразмий – бобом”, деб айт. “Ер юзида ҳамма саломат бўлсин деб, тиб илмига асос солган, Афшонада туғилган Ибн Сино наслиданман”, дегин. “Ёвларга беомон бўлган, ғариблар бошин силаган, адолатда ер юзига донғи кетган буюк инсон Амир Темур зурриётлариданман”, деб ифтихор билан сўзла. “Ҳофизи Қуръон, муҳаддислар султони, Ислом нурин таратган Имом ал-Бухорий – бобом”, де.
“Ер юзида ўзбекнинг ўзлигин билдирган, шеърият мулкининг султони Мир Алишер наслиданман! Коинот юлдузлари сирин очган Мирзо Улуғбек бобокалоним!” деб ифтихор қил.
Ўзбекистон – мустақил, ҳур диёр, тинчлик – бизнинг шиоримиз.
Бордур энди адолатли Қомусимиз, кучли оримиз.
Таниб бўлмас даражада яшнамоқда барча шаҳру қишлоқларимиз. Омон бўлсин доимо меҳнаткаш халқимиз.
Мардона, мағрур, ростгўй бўл, ялқов бўлма, бошинг эгма, ҳеч кимга сиринг очма. Алдовларга ишонма, ёмонларга ёндошма.
Қайда бўлсанг, фарзандим, доимо омон бўлгин. Ота-онанг, қавминг, Ватанингга содиқ бўл.

Кўчим МАҲМАРАҲИМОВ,
Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани