Абдусаттор акам билан шаҳарда айланиб юрсак, тасодифан бирга ҳаж қилган танишини учратиб қолди. Узоқ суҳбатлашишди. Суҳбатларига қулоқ тутмай илож йўқ эди.
– Ука, доимо сизни кўрсам, Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг равзаларидан чиққандан кейин тинмай йиғлаганингиз эсимга тушаверади. Биламан, ўша пайтда ҳамма йиғлаши табиий. Аммо сиз...
Ҳожи ака сукут сақлаганча туриб қолди. Сўнг сўз бошлади:
– Бу воқеага эллик йилча бўлган эди. Анча ёш эдим. Яхши-ёмон сўзни фарқламасдим. Тўйда бир нарса устида опам билан тортишиб қолдик. У мендан аразлаб қолди. Кечирим сўрадим. Кўп бора ялиндим. Яраштириб қўйинглар, деб орага катта-кичик қариндошларни қўйдим. Опам кечирмади. Узоқ вақт аразда юрдик. Опам билан ўртамиздаги араз мени кўп изтиробга солар эди.
Аллоҳ насиб қилиб, ҳаж зиёратига борадиган бўлдим. Жўнаб кетиш олдидан қариндошлар, қўни-қўшнилар, катта-кичик билан хайрлашиб, дуосини олдим. Опамнинг олдига бордим. Дуо қилинг, дедим йиғлаб. Бир сўз айтмадилар.
Қалбимда изтироб ила, йўлга тушдим. Муборак заминда ҳаж арконларини бажарарканман, Каъбатуллоҳда, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) масжидларида, равзаларида, умуман, қаерда бўлмай, ибодатдан сўнг, дуога қўлимни очиб, опамнинг ҳақига дуо қилавердим. Бир куни навбатдаги амалларни бажариб, меҳмонхонага борсам, ўғлим телефон қилиб қолди. Аммасининг уйимизга келганини, бизни кутиш тарадуддини бошлаб юборганини айтиб қолди. Йиғлаб юбордим. Қувончим, бахтиёрлигимнинг чеки йўқ эди!
Ҳаж амалларини бажариб, эсон-омон юртга қайтдик. Уйга келарканман, қаршимда кўзида ёш билан жилмайиб, қучоқ очиб келаётган опамни кўрдим. Бағримга қаттиқ босганча, билмадим, қанча турдим?! Ҳар иккимизнинг юзимизни қувонч ёшлари юварди...

Машраб УСМОНБОЙ ўғли,
Шаҳрихон тумани