1992 йил "Кўкалдош" мадрасасига илк талабалар қаторида ўқишга қабул қилиндим. Ўша даврда мадрасада таҳсил олиш бир оз машаққатли эди. Қишда хоналар совуқ, таҳоратхонада иссиқ сув у ёқда турсин, совуқ сув ҳам тақчил эди. Бундай қийинчиликларга қарамай, билим олишга, мадрасани яхши баҳоларга битиришга ҳаракат қилдим.

Орадан ўн олти йил ўтиб, мадраса зиёратига келдим. Зиналардан кўтариларканман, у ердаги ўзгаришларни сеза бошладим. Катта дарвозадан ичкари кирдим. Ҳайратда қолдим. Ҳаммаёқ бутунлай таъмирдан чиққан. Хоналарга мўралайман. Стол-стул, парталар... Ком­путерлашган хоналарда талабалар таълим олишмоқда. Талабалар учун махсус ошхона қурилган. Таҳоратхоналарда ювиниш хоналаридан тортиб сартарошхоналаргача бор. Қувончдан кўзларимга ёш тўлди. Шу он талабаларга баралла айтгим келди: "Бу кунлар, бу шароитлар қадрига етинг. Уларни асраб-авайланг".

Уйга қайтарканман, яна бир бор ортимга қарайман. Чорсу бозори ёнида қад кўтариб турган мадрасага узоқ тикиламан. Мустақиллик шарофати билан жойлардаги ободончилик ва таъмир ишлари масжиду мадрасаларимизни замон талабларига жавоб берадиган биноларга айлантириб юбормоқда. Юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги, келажагимиз тараққиёти йўлидаги бундай ўзгаришлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбини фахр ва сурурга тўлдиради.

 

Умрбек БАҲОДИРОВ,

Қуйи Чирчиқ тумани