Дўконда набирам учун китоб харид қилаётган эдим, ёш боланинг йиғи овозини эшитиб, ортимга қарадим.  Сал нарироқда ёшгина жувон:

–    Энди биринчи синфдасан, каттароқ бўлгин, кейин китоб олиб бераман, – деб  боласини силтаб ташлади.

Бола эса муқоваси чиройли расмлар билан безатилган эртак китобни ушлаб “олиб беринг”   деб йиғларди.  – Синглим, болани йиғлатмай, айтган китобини олиб берсангиз-чи, – дедим.

–    Олиб берганим билан ўқимайди, расмларини кўради, холос. Бекор пулим кетади.

Аёл шундай деди-да, китобни боланинг қўлидан шаҳд билан тортиб олиб ўрнига қўйди. Болакай дўкондан чиқиб кетгунича орқасига ўгирилиб, китоблардан кўзини узмади.

Атрофдаги харидорлар ҳам ачиниш билан   унга қараб қолишди.

Ажаб, бола китобга қизиқса-ю, она буни англамаса ёки бу қизиқишни сўндирса!? “Ўқишни билмайсан”, деса! Шундай пайтда она фарзанди билан бирга китоб ўқиса, турли ҳикоя ва ривоятлардан айтиб бериб, ёш қалбини китобга ошно қилса, қандай яхши! Тўғри, биринчи синф ўқувчиси ҳали ўқиш малакасини яхши ўзлаштирмаган бўлиши, диққатини жамлай олмаслиги мумкин.

Эсимда, болалигимизда  онам ёки бувимиз “Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда...” дейишлари билан тўполон қилиб турган болалар – ҳаммамиз бир зумда жим бўлиб, эртакка қулоқ тутардик. Қизиқ-қизиқ ҳикояларга ҳеч тўймасдик. Ота-онамиздан, бувижонимдан эшитган эртагу ривоятлар ҳанузгача ёдимда сақланади.

Ҳозир кутубхоналарда, китоб дўконларида исталган адабиётлар, болалар учун нашр этилган қизиқарли китоблар кўп. Нархи ҳам унчалик қиммат эмас.

Китобга, илмга интилиш – киши фазилати. Китоб инсонни маънан бойитиб, ёмон хатти-ҳаракатдан асрагувчи дўстдир.  Фарзандингизга, набираларингизга китоб олиб беринг, китобга бўлган қизиқиши, интилишини рағбатлантиринг, азизлар!

Тўхтахон РАҲИМОВА,
Наманган тумани