Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шундай бандалар борки, Аллоҳ таоло уларни ҳожатбарор қилиб яратади. Одамлар уларга ўз ҳожатларини ҳавола қилишади. Ана ўшалар Аллоҳнинг азобидан омондадирлар”, дедилар» (Абу Нуъайм).

Инсон яхши хислатлари, одамийлиги ва меҳнатсеварлиги билан элда обрў қозонади, ҳурмат-эътибор топади. Узоқ йиллар қилинган самарали меҳнат кишини ана шундай шоҳсупага кўтаради. Чироқчи туманидаги Чувиллоқ қишлоғида истиқомат қилувчи ака-ука ҳожи Ҳасан ва Ҳусан боболар ҳам ана шундай эзгу ишлари билан элда обрў топганлардан. Узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган бу фидойилар қишлоқдошларидан қўлидан келган ёрдамини аямайди. Ака-ука ҳожи боболар қишлоқда бошланғич синф ўқувчилари учун мактаб биноси қуриб беришди. Шунингдек, ҳудуддаги тиббиёт маскани, маҳалла гузари ва анҳор кўприги қурилишига ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшишди.

Бундай ҳимматли инсонлар ён-атрофи­даги­ларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутади, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам беради. Динимизда бундай ишлар қадрланади.

Дарвоқе, элнинг дуосини олганлар кам бўлмайди. Зеро, инсон ҳаётининг мазмундорлигини эзгу ва хайрли ишлар белгилайди.  Савоб ишни ҳар куни қилиш керак, деб бежиз айтилмаган.

Бегмат БОБОРАҲМАТОВ,
меҳнат фахрийи