Ёшинг ўтган сайин орқангга қараб, баъзи нарсаларни эслаб, бу кунги кун билан солиштираркансан. Аллоҳ таолога беадад шукрки, ҳаётимиз яхши, одамлар бехавотир, тўқчиликда ва тинчликда умргузаронлик қилмоқдалар. Халқ бойиб кетди, лекин айни пайтда худбинлашиб кетаётганимиз йўқми?! Мен бу саволни кўпроқ ўзимга бераман. Одамлар, шу жумладан, ака-укалар, опа-сингиллар бир-биримизни қачон холис йўқладик?

 

Ишонмасангиз, энг яқинингизга шунчаки қўнғироқ қилиб кўрингчи, у дарров: “Менда нима ишинг бор эди?” деб сўрайди. Сиз унга: “Шунчаки, бир аҳволингни сўраб қўймоқчи эдим”, десангиз, ишонмайди. Гўшакни қўйганингиздан сўнг эрталабгача: “Бу бежиз қўнғироқ қилмади”, деб ўқтин-ўқтин ўйлаб чиқади.

Болалигимизда қўшнимиз Мирза отанинг кампирлари Хайриниса опоғойи бўлардилар. Мирза отанинг бўйлари пастдан келган, юзлари думалоқ, дўнгпешона, ранглари тиниқ, овозлари жарангдор. Хайриниса опоғойининг бўйлари чолларидан анча баланд, қотмадан келган, доим елкаларига ташлаб юрадиган оқ дока рўмоллари у кишига салобат бағишлаб турарди. Чолу кампир ўқимишли бўлиб, қиш кунлари танчанинг атрофида биз тушунмайдиган арабий китобларни завқ билан мутоала қилиб ўтиришарди.
 
Хайриниса опоғойи эрталабдан бошларига катта рўмол ташлаб (гоҳида чоллариними, болалариними кўйлагини бошларига ташлаб) қўшниларнинг эшикларини бирма-бир тақиллатиб, ғафлат босиб ётманглар, бола-чақаларинг тинчми, яхши ётиб турдиларингми, деб айланиб чиқардилар.
 
Келинлар ҳозир опоғойи келадилар деб, эшик­ларини очиб сув сепиб, супуриб қўйишарди. Қанча таклиф қилишмасин, опоғойи ҳеч кимникига кирмасдилар, эшикнинг тагидан сўрашиб қайтардилар. Ўшанда бола эканмиз-да, у кишига ғалати қарардик. Хайри опоғойини тушунмас эканмиз. Мана шу доруломон кунларда Хайриопоғойилар етишмаяпти, мен ич-ичимдан уларни соғиниб, ўртаниб яшайман...
 
Омонуллоҳ МУТАЛ