Саксонга яқинлашдим. Умр деганлари баҳор елларидек бир-бир титраб ўтаркан-у, сочларингга қор қўниб қоларкан. Ёшинг улғайгани сайин, бораётган манзилинг ҳақида кўп ўйларкансан. Гўё нарвондан юқорига интилаверасан, у чин дунёнинг саодати билан боғлиқ орзуларинг юлдузлар каби жилваланиб чорлайверади.
Ўтган йили Фарғона водийсида жойлашган “Чимён” сиҳатгоҳига бораётганимда, жума намози вақтида тоғли йўллардан ўтдим. Табиатнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб, чор атрофдан кўзларимни ололмайман. Аллоҳ яратган мўъжизаларга лол бўлиб термиламан. Бир томон арчазор, бир томон кўпқаватли уйлардек ё ундан ҳам катта тоғу тошлар билан қопланган, ўлчамию адоғи йўқ.
Эртасига Қурбон ҳайити куни эди. “Ҳайит намози нима бўлар экан?” деган ўй ҳам тинчлик бермасди. Шукрки, сўнгги йилларда иложи борича ибодатдан қолмай, Аллоҳ қодир қилганича қазо намозларимни нафлларни ҳам қўшиб ўқиш ҳаракатидаман.
Аллоҳ – раҳмли, меҳрибон Зот. Сиҳатгоҳга етиб келиб, барча қулайликларга эга бўлган хонага жойлашдим. Тангрига ёлвориб муножотлар қилдим: “Карами кенг, меҳри дарё Раббим! Қурбон ҳайити намозини жамоат билан адо этишни насиб эт!” Эл орасида: “Сидқидилдан йиғласанг, сўқир кўздан ёш чиқар”, деган нақл бор. Оҳларим Эгамга етдимикин?..
Эртасига бомдод намозини вақти кириши билан ўқиб, ташқарига чиқсам, истараси иссиқ бир йигит илдам ёнимга келиб саломлашди. Айём билан бир-биримизни табрикладик. 
– Тоға, ҳайит намозига борамизми? – деди у кўзлари чақнаб.
Ё тавба, “Аллоҳ нафақат дилингиздагини, хаёлингиздаги ўйларниям билгувчидир”, деган фикрга яна бир карра имон келтирдим.
Сиҳатгоҳдан ўн беш чақиримча наридаги жоме масжидига айни азон чақирилаётган пайтда етиб бордик. Масжид ичкарисию ташқариси намозхонлар билан тўлган бўлса-да, жамоат меҳмон эканимизни дарров англади, бизни имом қаршисидаги биринчи сафга лойиқ кўришди. 
– Тоға, келганимиз қандай яхши бўлди! Ҳайит айёмини тонгдан бошлаб Аллоҳнинг Ўзи бизга муборак қилди, – деб шивирлади ҳамроҳим.
Ҳа, ният холис бўлса, унинг ижобат йўлларини Тангри таоло кенг, яқин, равон қилавераркан.
 
Ҳикмат МАХСУМОВ,
Тошкент вилояти, Тузел қишлоғ