Табиат бағрида бизни фикрлашга, ибрат олишга ундайдиган аломатлар бисёр. Фақат уларга теранроқ назар солсак, кифоя. Ўзим гувоҳ бўлган қуйидаги воқеа бошқаларни ҳам тафаккурга чорласа, ажаб эмас.
Эрта баҳорда бир жуфт каклик қишлоқ четидаги жарликка ин қурди. Танлаган жойлари ўзларига жуда маъқул эди. Аммо ёмғир, шамол туфайли жарлик дарз кетиши мумкин. Жониворлар эса бу ҳолга парво ҳам қилмай тухум қўйишди. Она каклик тухумларни меҳр билан босиб ётар, жуфти унинг бошида парвона эди.
Мен эса жарнинг қулаб кетишидан хавотирдаман. Чунки жар кун сайин мана ағанайман, ана ағанайман, деб турарди. Бир марта ёмғир ёғса ёки дўппини учирадиган шамол келиб қолса борми, каклик ва какликчалар нобуд бўлади.
Бир кеча қаттиқ ёмғир ёғди. Туни билан мижжа қоқмай, тезроқ ёмғир тўхтасаю, какликлар ҳолидан хабар олсам, деб тонг оттирдим. Ғира-шира ёруғ тушиши билан жарлик томон югурдим. Тилимда бир дуо:  “Аллоҳ, беозор қушларга раҳминг келсин!”
У ерга бориб чуқур нафас олдим: ин жойида турарди. Лекин барибир хавотирим тарқамади. Кунда, кун ора бўш вақт топилди дегунча жарликка югураман. Яратганнинг инояти билан қил устида тургандек ин ағнамасди. Бу орада каклик полапонлари тухумни ёриб чиқди. Ота-она каклик топганини таший бошлади. Шу зайлда кунлар ўтди. Ёмғирлар ёғди, шамоллар эсди.  Полапонлар катта бўлиб, қанот чиқаришди. Уларга ин торлик қила бошлади. Ота-она каклик болаларини эргаштирганча инни тарк этди. Какликлар учиб кетиши билан жар ҳам қулади...
 
 Бобур СОБИРОВ, 
Бойсун тумани