Маҳалламизда катта издиҳом бўлди. Бир дўстимиз марҳум ота-онасини хотирлаб эҳсон қилди. Жуда кўп одам айтилган экан: отасини кўрган, у билан бирга ишлаган, қадрдон ёру дўстлари йиғилди. Нима бўлди-ю, мен ҳам қорилар, қўшни қишлоқлардан келган домлалар билан бирга ўтириб қолдим. Улар навбат билан эҳсон, шукроналик, бола тарбияси, тинч­лик ва фаровон турмушнинг қадрига етиш ҳақида суҳбат қилишди. Бу суҳбатларни йиғилганлар жон қулоғи билан эшитди.
Суҳбат асносида қўшни қишлоқдаги масжид имоми айтиб берган бир ҳикоя менга қаттиқ таъсир қилди. Шунинг учун уни сизга ҳам илиндим.
Яқин ўтмишда бир йили қиш қаттиқ келди: қор кўп ёғиб, кучли совуқ узоққа чўзилди, одамлар анчайин қийналиб қолишди. Албатта, бундай кунларда “йўғон чўзилади, ингичка узилади”. Чилланинг охирроғида Муҳаммадшокир исмли деҳқоннинг оиласи иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолди. Уйда егулик, бозорга олиб чиқиб сотгулик ҳеч вақо йўқ. Ота ўйлаб-ўйлаб ўйига етолмайди, боши қотади, оила икки кундан буён оч. Ҳеч илож йўқ. Охири қишлоқдаги бой таниши Муҳаммадрасулнинг уйига боради. Бой бобо уни яхши эҳтиром билан кутиб олади. Муҳаммадшокир анча суҳбатдан сўнг уяла-уяла ёрилади:
– Ҳаммоллик қилиш учун арқон кўтариб бозор дарвозаси олдида турдим. Биров иш буюрмади, мардикор бозорига бордим. Биров: “Менда иш бор, юринг!” демади. Совуқ ўтди баданимдан, – деди.
– Хў-ўш! Нега ундай қил­дингиз? – деди бой.
– Тақсир, гапнинг очиғи: жуда қийнал­дик. Икки кундан бери болалар оч! Илтимос, ёзда қайтариш шарти билан озгина дон қарз беринг. Албатта қайтараман! Худо ҳаққи! – деди.
– Нега олдинроқ кел­ма­ди­нгиз?
– Уялдим, истиҳола қилдим. Дар­возангиз олдига келгунча ҳам юз хил андишага бордим, – деди у ерга қараб. Бой дарҳол хизматкорларини чақириб, беш пуд буғдой, ўн дона нон олиб чиқишни буюрди, юз дирҳам пул берди. Муҳаммадшокир бойни дуо қилиб, севиниб қайтди. Бой уйга кириб ўзини тўхтатолмай йиғлади. Воқеадан хабардор бўлган хотини эрини юпатиб: – Нега йиғлаяпсиз? Сўраган нарсаларини бердингиз. У одам сизни дуо қилиб, севиниб кетди-ку? – деди.
– Э хотин, уйимда шунча бойлигим турса, бир кунда неча маҳал лаззатли овқат есам-у, маҳалладошим ёш болалари билан оч ўтирса, бу ишим Аллоҳга хуш келмайди, ахир! У дунёда нима деб жавоб бераман бу гуноҳимга? Шунга йиғлаяпман... – деди бой ота хўрсиниб...
 
Олимжон РАҲИМОВ,
Асака