Муроджон ҳар доимгидек ишга вақтли келди. Хонага кириб, курсига ўтирган зайл ўйга чўмди. Шу пайт телефон жиринглади.

– Ало... Ассалому алайкум. Муроджонмисиз... Мен наманганлик амакингиз. Қизимни ўқишини сўраб, бир-икки бор қабулингизга кирувдим...

– Ҳа... эсладим... Яхшимисиз отахон, бардаммисиз...

– Раҳмат, ўғлим. Худога шукр, қизимиз яхши таҳсил олибди. Ишидан, одобидан ҳаммамиз хурсанд. Ишхонасида ҳам ҳурмати бор. Миннатдормиз, ўғлим. Арзимас ҳадямиз бор эди. Келинга қолдирдик. Ош қилиб ерсизлар...

– Қизингизни ўқитганим учун, маош олганман. Яхши мутахассис бўлгани бизга катта совға. Ундай қилманг отахон, илтимос...

Аммо отахон Муроджонни эшитмай, гўшакни қўйиб қўйди. Муроджон отахонни яхши эсларди. Унинг самимий ва миннатдор чеҳрасини унутиб бўлармиди? Кенжа қизининг қандай таҳсил олаётганидан тез-тез хабар олиб турувчи отахон икки-уч марта Муроджоннинг қабулига ҳам кирган, суҳбатлашган эди. Аммо ҳозир йиллар давомида қилган меҳнатини порага алмашаётгандай ичи ғашланди. Кун бўйи шу ҳақда ўйлади. Орадан икки-уч кун ўтди ҳам, дилидан ғашлик тарқалмади.

Коллеж маъмурияти маҳаллада кам таъминланган оилаларга ёрдам беришга қарор қилган куниёқ халтадаги гуручни ишлатиш ўрни топилганидан қувонди. Ўша куниёқ уйидан гуручни олиб келди. Муроджоннинг елкасидан оғир юк қулаб, кўнгли ёришди...