Эркаклар қатори аёллар ҳам пул топиш илинжида болаларини уйда қолдириб, чет давлатларга кетаётгани сир эмас. Аёл оила кўрки, файзи, фарзандлар тарбиясига масъул. Аёли йўқ хонадон тиканзорга ўхшайди. Шу тиканзорда болалар қанча қийналишини аёлларимиз наҳот ўйлашмаса?

Яқинда қўшни қишлоқлик Қодиржондан бир воқеани эшитиб, изтиробда қолдим...

...Бозор дарвозасидан кириб-чиқаётганлар дарвоза олдида совуқдан жунжикиб ўтирган чамаси уч-тўрт ёшли қизчага бефарқ қараб ўтолмасди. Кимдир унга қанд, кимдир юмшоқ кулча узатарди.

Ўттиз ёшлардаги аёл бозор-ўчарини қилиб бўлгач, дарвоза олдига келгач, сумкаларини ерга қўйди. Шу пайт ёнгинасида катта-катта қора кўзлари жавдираб турган қизалоққа кўзи тушди. Совуқда дир-дир титраётган қизчага ичи ачиди. Яқинига келди. Музлаган қўлчаларидан тутди, бағрига босди ва:

– Айланай қизим, совқотибсан-ку, ойинг қани? Нега бир ўзинг бу ерда турибсан?

Қизалоқ кўзларини юмиб-очиб, йиғлаб юборди:

– Ойим... ҳозир келаман... деб... келмади...

Аёл қизчани бағрига босаркан, чўнтакчасидаги букланган қоғозга кўзи тушди. Уни очиб, ўқий бошлади: “Ассалому алайкум! Ким қизимни фарзандликка олиб, бағрига босса, мендек бағритош онани кечирсин. Ота-онам дунёдан ўтганига анча бўлди. Қизим билан ҳар жойда, ижара уйларда яшадим. Тикувчилик қилдим. Аммо ишим олдинга юрмай, жуда қийналдим. Қизим ҳам мен каби қийналишини истамайман. Кечқурун Россияга жўнаб кетяпман. Қизимни сийлаганларни Худо сийласин!..”

Аёл хатни ўқиркан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Қизчани бағрига босганча лаблари пичирлади: “Бечорагина...” У қизчани даст кўтарди. Бир қўлида сумкалари... Уларнинг зил-замбилдек оғирлиги аёлга энди сезилмасди...

 

Эргаш АТОЕВ,

Қизилтепа тумани