Талабалик йиллари Тошкентдан Фарғонага поездда борардик. Ҳар хил одамларни кўрар, айримлари билан суҳбатлашар эдик. Бир сафар, ёши элликлардан ошган, бир-бирларига меҳрибонлик қилиб келаётган эр-хотин эътиборимни тортди. Ҳавасланиб, уларни суҳбатга тортдим.

– Тоға, холамни жуда ҳурмат қиларкансиз-а? – дедим.

Отахон жилмайиб қўйди. У ер-бу ерини тузатган бўлди-да, ўриндиққа яхшилаб ўрнашиб олгач:

– Болам, аслида холангиз мени кўпроқ ҳурмат қилади. Инжиқликларимни кўтаради, кўнглимга қарайди, айтганимни қилади. Билсангиз, яхши хотин ҳам Худо­йимнинг улуғ неъмати. Яхши дуолар ижобати... – деди.

Ҳамон қизиқсиниб турганимни пайқаб, болаликда бошидан ўтган бир воқеани айта бошлади:

– Ўртоғим билан чўмилишга бормоқчи бўлдик. Дарвозадан уни чақира бошладим. Жавоб беравермагач, бақириб ичкари кирдим. Айвонда бобоси намоз ўқиётган экан. Қўрққанимдан тез эшикни ёпиб, қочдим. Бақириб, намозини буздим, энди борсам, дакки беради, деб уларга кўринмай юрдим. Бўлган воқеани дадамга айтсам: “Дарров бориб узр сўра, дуосини ол”, дедилар. Бориб, узр сўрадим. Мени уришмадилар, аксинча, ҳаққимга дуо қилдилар. Бобонинг меҳрли сўзлари, дуолари кўнглимни кўтариб юборди. Шу-шу ўртоғимникига борсам, олдин бобосининг ҳузурига кириб, ҳол-аҳволини сўраб, дуосини олиб, юмушлари бўлса қилиб, сўнг ўртоғим билан ўйнайдиган бўлдим... Болам, кексалар: “Олтин олма, дуо ол”, дейишгани бежиз эмас. Бобонинг дуолари ижобат бўлиб, солиҳа аёлга уйландим. Алҳамдулиллаҳ...

Манзилга етгунча отахонга ширинсўзлик билан муомала қилиб эҳтиётлаётган онахонга қараб, уларга янада ҳавасим келди…

Турсунали ЮСУПОВ,

Фарғона