Санкт-Петербургдаги давлат Эрмитажи дунёда энг йирик тарихий музейлардан биридир. Эрмитажнинг асосий кўргазмалари Санкт-Петербург шаҳри марказидаги – Қишки саройда намойиш этилади.

Нева бўйидаги узунлиги икки юз, эни юз ва баландлиги ўттиз метрли Қишки саройнинг бир минг эллик еттита хонаси бор. Баланд оқ устунларига бир юз етмиш олтита қандил ўрнатилган.

Музей 1764 йили император Екатерина II йиққан санъат асарлари намойиши билан очилган. Екатерина II кейинчалик ҳам музейга турли мамлакатлардан машҳур санъат усталари асарларини йиғдиради. 1781 йили Париждаги Орлеан герцогининг кесма тошлари каби антиқий буюмлар унинг ривожига анча туртки бўлади.

Бундан ташқари, Волтер ва Дидро кутубхоналарининг ушбу ансамблга қўшилиб кетганини қайд этиш жоиз. Екатерина бошчилигида йиғилган асарлар 1796 йилга келиб уч минг тўққиз юз тўқсон олти донага етади.

Николай I Эрмитажни оммавий музейга айлантириши тўпламнинг янада кенгайишига сабаб бўлди. Минг афсуски, нодир матоҳларнинг бир қисми собиқ совет иттифоқи тузумида Америкага сотиб юборилган. 1845 йили музей директорларидан бири Татишевнинг васияти билан қадимги санъат усталарининг ноёб асарлари музейга топширилди. Эрмитажнинг янги биноси зиёратчилар учун 1852 йили ишга тушиб, Шарқ ва Миср қадимий ёдгорликлари, ўрта аср маданияти намуналари, Осиё дурдоналари ва VIII–XIX асрларга оид рус ўймакорлик ишлари билан тўлдирилди. 1880 йилга келиб зиёратчилар сони йилига эллик минг нафарга етди.

XX аср бошларида музей кўпгина археологик топилмалар, турли ёзувдаги матолар, расмлар ва Нодиршоҳнинг берган дурдоналарига эга бўлди. Императорлик даври тугаганидан сўнг музей анча муддатга ёпилиб, ундаги баъзи асарлар Москва санъат музейига ўтказилди. Улуғ Ватан уруши даврида бино ертўласидан хавфсизлик йўлида фойдаланилиб, ундаги икки миллион дона асар Уралга кўчирилган. Урушдан сўнг эса ҳаммаси жой-жойига тушиб, вақтинча сақлаш учун олиб кетилган намуналарнинг барчаси хазинага қайтарилди ва Эрмитаж яна ишга тушди. Шу даврда бирорта ҳам асар йўқолмагани таҳсинга сазовор. Қайта очилишидан кейин унга Берлин тўпламлари келиб қўшилди.

1957 йилнинг январ ойида Қишки саройнинг учинчи қавати замонавий ғарб санъати намуналари учун ажратилди. 1990 йили “Эрмитаж” жамғармаси тузилиб, хазина янада бойитилди. 2006 йили икки юз йигирма битта асар ўғирланган. Роса бир йилдан кейин йўқотилган ашёларнинг бир қисмигина топилди.

Ҳозирги кунда Эрмитаж музейида уч миллиондан ортиқ нодир асар бор. Уларнинг тўққиз юз қирқ тўққиз минг уч юз саксон саккизтаси санъат намуналари, етти юз ўттиз тўрт минг тўрт юзтаси археологик топилмалар, бир миллион бир юз йигирма беш минг уч юз йигирма учтаси танга ва медаллар ҳамда бир юз қирқ тўрт минг бир юз саксон бештаси бошқа асарлардир. Уларнинг баъзилари Қишки сарой ертўласида сақланади. Ушбу музейни йилига уч миллион одам зиёрат қилади.

 

Азизхон Ҳакимов тайёрлади.