Заъфарон (Crocus sativus - лотин.) - сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Ёввойи ҳолда учрамайди. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Пиёзининг диаметри 1-2 сантиметр. Барги 5-15 та, оч сариқ рангда; эни 2 мм, туксиз. Гули 1-4 та, гултожи оқиш, пастки қисми (ташқи томондан) бинафша ранг, узунлиги 2-4 см. Таркибида эфир мойи бўлгани учун ҳиди жуда ўткир ва ёқимлидир.

 

"Ўзбекистон миллий энциклопедияси"дан

"Заъфарон" арабча сўз бўлиб, "сариқ" деган маънони билдиради. Бу ноёб зиравор ўсимликдан қадимда бўёқ тайёрланган. Ҳозирги даврда эса асосан тиббиётда ва пазандачликда ишлатилади.

Ер юзида бугунги кунда йилига фақат уч юз тонна заъфарон етиштирилади. Шунинг учун ҳам бу зиравор юқори баҳоланади.

Заъфарон тўрт минг йиллик тарихга эга бўлиб, неолит даврида бўёқ сифатида қоя тошларга расм чизишда фойдаланилган. Қадимги Ме­сопотамия­да уни таомда ишлатилганини археологлар аниқлашган. Хитой манбаларида шифобахш дори воситаси сифатида қайд этилган. Европада уни ишлатган одамлар жамиятда киборлар табақасига мансублигини ифодалаган. Рим давлати заъфаронни дори ҳамда тери ва матоларга бўёқ сифатида ишлатган.

Заъфарон ўта хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусиятлари билан ўсимликлар орасида тенгсиздир. Демак у – мазали зиравор, табиий бўёқ ва дардларга даво бўлувчи моддадир.

Замонавий тиббиётда заъфарон турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Агар у асал билан қўшиб истеъмол қилинса, буйракдаги тошларни майдаланишига ёрдам беради. Заъфарон гули эритмаси инсон танасига зарур бўлган каротин, тиамин, рибофламин, кальций, фосфор каби моддаларга ва турли витаминларга бой.

Заъфароннинг хушбўй ҳиди инсоннинг нафас йўлларига ижобий таъсир қилиб, кишини тинч­лантиради ва уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради. Кучли бош оғриғида ва қулоқ шамоллаганида заъфарон сувига бўктирилган пахта ёки юмшоқ матони касал аъзога босилса, оғриқ тезда қолади.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, заъфарон меъёридан ошириб ишлатилса, сезги органларини қаттиқ зўриқишига олиб келиши мумкин. Меъёрдан кўп овқатга қўшилган заъфарон таомни бузишдан ташқари инсоннинг заҳарланишига олиб келиши мумкин.

Заъфарон саноатда ипак, тўқилган толалар ва гиламларни бўяшда, сариқ рангли сиёҳ тайёрлашда, қимматбаҳо қоғоз ишлаб чиқаришда, рассомчиликда ҳамда терига ёзишларда ҳам қўлланилади.

Заъфарон суюқ овқатлар, гўштли, сабзавотли таомлар ва ширинликлар пиширишда ишлатилади. Заъфаронни чой, кофе каби ичимликларга қўшиб истеъмол қилинса, инсон асабини тинчлантириб, унга осо­йишталик бағишлайди.

 

Жалолиддин НУРИДДИНОВ тайёрлади.