Ўзбекистон мустақилликка эришган кунлардан бошлаб давлатимиз раҳбарияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаб бера оладиган, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган демократик жамият қуриш учун тинимсиз ҳаракат қилиб келмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: "Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз".

 

Ўзбекистон – кўпмиллатли давлат. Юртимизда миллатлар­аро тотувлик ва бағрикенглик ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашнинг асосий шартларидан ҳисобланади. "Бағрикенглик тамо­йиллари Декларацияси"да шундай қайд этилади: "Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди".

"Бағрикенглик" (толерантлик) сўзи барча тилларда бир хил ёки бир-бирига яқин мазмунга эга. Уларни умумлаштириб бағрикенглик сўзи чидамлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларни ифодалайди, де­йиш мумкин.

Бугунги кунда Ватанимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади. Давлатимиз нафақат кўпмиллатли, балки кўп конфессияли, айни вақтда юртимизда 16 та диний конфессия мавжуд. Жамиятимизда диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш ҳаётий тамойилга айланиб бормоқда.

Диний бағрикенглик турли дин вакиллари, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим.

Динларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилганда, шу нарса аён бўлади, бугунги кунда эътиқодчилар сонига кўра юқори ўринларда турувчи динларнинг инсонлар яшаш тарзини ифодаловчи умумий ахлоқ қоидаларида ўхшашликлар мавжуд. Буни буддавийликнинг 5 та, Қадимги Аҳднинг 10 та ва Исломнинг асосий ўгитларидаги жиҳатларда ҳам кўриш мумкин. Зеро, "Яхшилик қил, ёмонликдан қайт" демаган бирор диний таълимотни учратиш мушкул.

Диний бағрикенгликнинг зидди сифатида диний ақидапарастлик ва унинг оқибатида диний тоқатсизлик юзага келган.

Диний ақидапарастлик оқибатларининг олдини олиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО олиб бораётган ишлар диққатга сазовордир.

ЮНЕСКОнинг ташаббуси билан 1995 йил "Халқаро бағрикенглик йили" деб эълон қилиниши ва шу йилнинг 16 ноябрида қабул қилинган "Бағрикенг­лик тамойиллари Декларацияси" алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, 1995 йилда ЮНЕСКОнинг "Динлараро ва маданиятлараро мулоқот" дастури қабул қилинди. Дастур доирасида Работ (1995, 1998), Малта (1997), Тошкентда (2000) динлараро мулоқот мавзуида халқ­аро анжуманлар ўтказилди.

Ўзбекистон ҳукумати оқилона, диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу борада бой тажриба орттирилди. 1995 йилнинг октябрида минтақада илк бор Тошкентда "Бир само остида" шиори билан ўтказилган халқаро конференсия фикримиз далилидир. 1996 йил Рус православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё эпархиясининг 125 йиллиги тантанали ўтказилди. 2001 йил сентябр ойида Тошкентда ўтган Осиё–Тинч океани минтақаси ЮНЕСКО "Бағ­рикенг­лик тармоғи"нинг иккинчи йиғилишида бағрикенг­лик тамойиллари ўзбек халқининг урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланди. 2004 йил 15 мартда Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида Ўзбекистон ва Франсияда диний бағрикенглик мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди.

Республикада диний бағрикенгликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжатлардан бири "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонундир. Қонун 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди. Вақт ўтиши билан мазкур қонунни давр талабларига мос равишда тубдан ўзгартириш зарурати туғилди ва 1998 йилнинг 1 майида Республика Олий Мажлиси томонидан қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.

Ишонч ва ифтихор билан айтамиз, минтақанинг бутун тарихи мобайнида Ислом, христиан, яҳудий ва буддавийлик динлари вакиллари ўртасида диний можароларнинг юз бермаганлиги ўзбек халқининг тинчликсевар, бағрикенг эканлигига ёрқин далилдир.

 

Ирода МИРМАҲМУДОВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юрти мударрисаси