Журналимизнинг бу йилги илк сонидан Сиз азиз ўқувчиларимизни ҳадис илмидан сабоқлар билан баҳраманд этиб боришга қарор қилдик. Ҳар сонда бериб бориладиган ушбу сабоқларда “Ҳадис нима? Унинг қандай турлари бор? Ҳадислар бизгача қандай етиб келган?” каби ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб оласиз, иншааллоҳ.

Саҳобалар Пайғамбаримизни жуда яхши кўришар, эҳтиром қилишар, у зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир гап, ҳикматни бор вужудлари билан тинглашар, мағзини чақиб, ҳаётларига татбиқ қилишар, бошқа саҳобаларга айнан эшитганларидек етказишарди. Бунда улар: “Сизга Расулуллоҳдан эшитганим бир ҳадисни (яъни, гапни) сўзлаб берайинми?” деб гап бошлашарди. Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам “Биздан бир ҳадисни (гапни) эшитиб, уни ёд олиб, бошқага етказган кишини Аллоҳ қувонтирсин”, дер эдилар (Имом Термизий ривояти). Шундан у зотнинг гапларига нисбатан “ҳадис” сўзи ишлатиладиган бўлди. Араб тилида “ҳадис” сўзига маънодош “қавл”, “мақола”, “калом” каби сўзлар ҳам бор. Лекин юқоридаги каби ҳадислар ва саҳобалар сўзларига асосланиб, кейинчалик “ҳадис” дейилганида тўғридан-тўғри Пайғамбаримизнинг гаплари тушуниладиган бўлди. Даврлар ўтиб, бу сўзнинг маъноси янада кенгайди. Энди у нафақат у кишининг сўзларига нисбатан, балки қилган ишлари, бирор ишни тасдиқ ёки инкор этишлари, у кишининг хулқлари, жисмоний сифатлари ҳақидаги саҳобаларнинг хабарларига нисбатан ҳам қўллана бошлади.

 “Суннат” сўзи бирор амал, ҳолат ё масалада Расулуллоҳнинг равишлари, тутимлари, айтганлари маъносида қўлланган. Мисол учун Пайғамбар “Никоҳ менинг суннатим, ким суннатимга амал қилмаса, мендан эмасдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Саҳобалар ҳам бирор ишда Пайғамбаримизнинг тутган йўллари ҳақида хабар бермоқчи бўлишса: “Бундай қилиш суннатдандир”, дердилар. Масалан: ҳазрат Али “Намозда ўнг қўлни чап қўл устида тутиб, киндик остига қўйиш суннатдандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Суннатнинг ҳадис ва фиқҳ илмларидаги таърифи бир-биридан фарқ қилади. Ҳадис олимлари Пайғамбаримизнинг айтган гаплари, қилган ишлари, бирон ишни тасдиқ ёки инкор қилишлари, хулқий ва жисмоний сифатларини ҳам суннат дейишса, фиқҳ олимлари Расулуллоҳ давомли қилиб юрган, киши бажарса, савоб оладиган, бажармаслиги макруҳ бўлган амални суннат дейишади.

“Хабар” сўзи ҳам баъзан “ҳадис” маъносида ишлатилса-да, аслида унинг маъноси кенг. Чунки у Пайғамбаримиздан келган ривоятларни ҳам, бошқалардан келган ривоятларни ҳам қамраб олади.