Маълумки, Рабиулаввал ойининг 12-куни жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган кунларидир. Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) милодий сананинг 571 йилида Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари Иброҳимга (алайҳиссалом) муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида марҳамат қилиб:

"Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди", деганлар.

(Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Муҳаммадни (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ана шундай улуғ кишилар пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани тарих китобларида зикр қилинган.

Жумладан, у зот (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги маъжусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юзтубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалима Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида "шаққи садр" воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтон насибасини олиб ташлашган. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб боргани, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) туғилганларида оталари вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдулмутталиб қарамоғида қоладилар. Расулуллоҳнинг (саллоллоҳу алайҳи васаллам) етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бор. Чунки ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

"(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, Иҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!" (Зуҳо, 6-11).

Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади. У вафот этишидан олдин набирасини фарзандалари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширади.

Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммадни (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ўз фарзандаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса, ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти билан у зот (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар, у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлгани ҳақида тарих китобларида баён қилинган.

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ-одобга эга бўлиб вояга етадилар. У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг Аллоҳ таоло томонидан энг гўзал ахлоқ ва хулқ у кишига берилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

"Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!" (Қалам, 4).

Ҳадисда эса: "Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди", деганлар (Ибн Самъоний ривояти).

Ҳалоллик, мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, ҳалимлик ва барча яхши сифатлар у зотда мавжуд эди. Аллоҳ таоло:

"(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун - Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни қўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир", деб марҳамат қилган (Аҳзоб, 21).

Расулуллоҳга (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) эргашган киши Аллоҳ таоло муҳаббатига ҳам сазовор бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда:

"Айтинг (эй, Муҳаммад!): "Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир", дейилган (Оли-Имрон, 31).

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларда марҳамат қилиб бундай деганлар: "Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага пайғамбар қилиб юборилганман" (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳнинг (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари, у кишининг суннатлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Дарқақиқат, мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли Пайғамбари (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари учун ўзидан кейин нимага эргашиш кераклигини ўргатиб, бундай марҳамат қилганлар:

"Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсани қолдириб кетяпманки, агар уни маҳкам тутсангиз, ҳеч качон адашмайсизлар, у Аллоҳнииг китоби ва менинг суннатимдир" (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Бугунги кунда Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз керак. Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг (саллоллоҳу алайҳи васаллам) гўзал одоб-ахлоқлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим. Шуни таъкидлаш керакки, мавлид маросимлари бир йилда фақат бир ой, яъни, ҳижрий сананинг учинчи ойи - Рабиул аввал ойи ичида ўтказилиши керак. Йил ўн икки ой мавлид маросимини ўтказавериш шаръан ва мантиқан номақбул ишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримизга (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) муносиб уммат бўлишдек яхшиликка эриштирсин, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушди ҳидоятда барқарор айласин!

 

Абдулҳамид ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири