Шу йил 26 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида идора раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда турли вазирликлар, ташкилотлар вакиллари, имом-хатиб­лар қатнашишди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, идора раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасанов, Тошкент Ислом университети ректори Равшан Абдуллаев ва бошқалар Ислом динини ниқоб қилган бузғунчи оқим ва фирқаларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ботил ақидалари, фаолият услублари китобда тарихий фактлар ва асосли далилларга таянган ҳолда ёритилганини таъкидлашди (Мавузга доир суратлар  муқованинг 2-саҳифасида).

Aсарда Ислом динидаги ақидавий йўналишлар ва фиқҳий мазҳаблар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Ёшларимизни тўғри йўлга солиш, бузғунчи кучлар таъсиридан асраш ва ҳушёрликка чорлашда ушбу китоб муҳим манбалардан бири бўлиб қолади.

Китоб “Sharq” нашриёт-матбаа аксиядорлик компаниясида беш минг нусхада чоп этилган.

Мухбиримиз

*  *  *

Шу йил 14 феврал куни диний идоранинг Сурхондарё вилояти вакиллигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг янги чоп этилган “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобининг тақдимоти ўтказилди. Унда вакиллик ходим­лари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари қатнашишди.

Ушбу китобда имом-хатиблар учун энг долзарб мавзулар ёритилган. Икки юздан ортиқ оқимлар тўғрисида маълумотларга бой бу китобда сохта тариқатчиларга ҳам раддия жавоблар бор. Вилоят вакили Эргаш Рустамов китобда адашган фирқалардан “Ислом жиҳодчилар ҳаракати”, “Ислом лашкари”, “Нурчилар” кабиларнинг зарарлари аниқ кўрсатилгани ҳақида гапирди. Жаҳолатга маърифат билан курашиш лозимлигини таъкидлади.

Тақдимот сўнгида туманларда ҳам ушбу китобнинг тақдимотини имом-хатиблар билан ўтказиш аниқ  кўрсатилган тўғрисида топшириқ берилди.

 

Сурхондарё вилояти вакиллиги