(Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилинг! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳақини (ушри ва хирожини) беринг ва исроф қилманг! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди" (Анъом, 141).

Тиббиётда анорнинг фойдалари ҳақида кўп маълумотлар бор. Бу меванинг кўриниши қип-қизил рангли бўлгани учун ҳам дастурхоннинг кўркига кўрк қўшиб туради.

Кунига бир стакан анор шарбатини истеъмол қилган киши жисмонан бақувват бўлади.

Анор қондаги зарарли моддаларни камайтириб, фойдали моддаларни кўпайтиради, томирларни атеросклероздан ҳимоя қилади.

Анор шарбати аёлларда кўкрак бези саратони ривожланишини тўхтатади.

Анор инфаркт, инсульт ва бепуштликнинг олдини олади.

Анорда простата бези саратони пайдо бўлишига қаршилик қилувчи жуда кўп моддалар мавжуд. Агар ўсимта пайдо бўлиб улгурган бўлса, анорнинг шарбати уни ўсишдан тўхтатади. Бу мева саратон касаллигидан анъанавий услублар – кимёвий, жарроҳлик ёки нур муолажаси билан даволанаётганлар учун ҳам фойдалидир.

Америкалик олимлар илмий тадқиқотлар натижасида, кунига 200–250 мл. анор шарбати истеъмол қилиб юрувчи эркакларда махсус простата антигени (МПА) миқдори ошмаслигини аниқлашган.

Онкологлар аёлларда кўкрак саратони ҳужайраларини анор шарбати йўқ қилишини исботлаб бердилар. Чунки бу мевада саратон касаллигига қарши курашувчи катта миқдорда антиок­сидант­лар мавжуддир. Анорда эллагитаннин, катехин, галлокатехин ва антоцианин моддалари кўп. Бу моддалар бошқа меваларда учрамайди. Қиш кунларида аҳоли ўртасида кенг тарқайдиган шамоллаш, грипп ва нафас йўлининг турли вирусли касалликлар кўринишларини олдини олиш ва даволашда анор ёрдам беради. Нордон таъмли анор тишларда кариеснинг ривожланишига қаршилик қилади. Бу мева таркибида турли бактерияларни йўқ қилувчи моддалар ҳам борлиги аниқланган.

 

Жалолиддин НУРИДДИНОВ тайёрлади.

АНОР (Punica granatum L/) – анордошлар (аноргуллилар оиласи)га мансуб, субтропик мева ўсимлиги; бўйи 2–10 м дарахт ёки бута. Ватани Ўрта Осиё, Озарбойжон, Эрон ва Афғонистон; ёввойи турлари Ўрта денгиз атрофи, Ўрта Осиёнинг жанубида, Қрим, Кавказ, Эрон, Афғонистон, олд Осиё ва Доғистонда учрайди. Ўзбекистонда Қува, Наманган, Денов ва Китоб (Варганза) туманлари аъло сифатли анорлари билан машҳур. Меваси йирик, думалоқ, қизғиш (қизил пўст) ёки оқиш (оқ пўст) бўлиб, оғирлиги 250–1000 г. келади. Меваси 6–12 уя (хона)ли, дони оч пушти ёки тўқ қизил. Таъми ширин, чучук-нордон ва нордон, сершарбат (40–60%), таркибида 14–21% қанд, 0,3–9% лимон кислота, танин, В, С витаминлари бор. Пўсти 29-50%, дони 10–20 фоизни ташкил этади. Меваси, пўсти, илдиз пўстлоғида 28 фоизгача ошловчи моддалар бор. Анордан қандолат ва тиббиётда кенг фойдаланилади. Гулбарги ва мева пўстидан бўёқ, донидан шарбат тайёрланади. Ёввойисидан лимон кислота олинади. Анор асосан қаламчадан кўпайтирилади. Коллекцияларда анорнинг 69 хил нави ҳисобга олинган.

Бир тупи 25–40 кг ҳосил беради. Ўзбекистоннинг кўпчилик вилоятларида ўстирилади.

 

"Ўзбек миллий энциклопедияси"дан