Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари баён қилинган. Жумладан, Тавба сурасининг 71- оятида: "Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳакимдир", дейилган.

Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: "Мўминлар Аллоҳ ва Унинг расулини ҳамда Китобини тасдиқлагувчилардир. Улар яхши ишларда бир-бирларига ёрдам беради, фарз ибодатларни тўлиқ адо этади. Моли нисобга етганлари закотини риё ёки миннат қилмасдан ҳақдор кишиларга хурсанд бўлиб топширади. Аллоҳ таоло ман қилган ёмон ишлардан ти­йилади. Ана шундай кишиларни Аллоҳ таоло жаннатига киритади".

Мўминларнинг ўртасидаги дўстлик, истак ва одат сабабидан эмас, балки тўғри йўлда бир-бирига кўмаклашиш, яхши ишларда шерик бўлиб, маслаҳатлашиш билан шаклланади.

Ибн Касир: "Мўмин мўмин учун бир-бирини тортиб, суяб турадиган биноларга ўхшайди. Қалблари меҳру муҳаббатга тўлиб-тошган, диллари пок инсонлардир. Улар худди бир жасадга ўхшайди. Масалан, жасаднинг бирон жойида оғриқ бўлса, бошқа ўринларида зир­қираш, иситма каби ҳолатлар кузатилади. Яна улар соф Ислом ақидасида мустаҳкамдирлар ва динини турли зарарлардан ҳимоя қилади", дейди.

Дўстлик, эзгу амаллардаги ҳамкорлик инсонга маънавий завқ, қувват бахш этади. Натижада, жамиятда аҳил-иноқлик, меҳр-муҳаббат мустаҳкамланади. Бирдамлик бор жойда эса хотиржамлик, фаровонлик юзага келади.

 

Зулхумор КУРДОНАЗАРОВА