Бу ширинликни яхши кўрмайдиган бола бўлмаса керак, ҳатто катталар ҳам суйиб истеъмол қилади. У қачон пайдо бўлган, нималардан таркиб топган?

Шоколад таркибининг асоси какаодир. Эрамиздан олдинги 1200–1000 йилларда Марказий Америкада яшовчи қабила аъзолари какаонинг ҳўл мевасини қайнатиб, май тайёрлашган. Ацтек қабиласи вакиллари эса какао дуккагидан "шоколад" деб номланган аччиқ ва кўпикли ичимлик тайёрлашган. Тахминий фикр­ларга қараганда, "шоколад" номи шундан келиб чиққан.

XX асрда олимлар шоколад таркибида калий, темир, магний каби фойдали моддалар ва қон- томир деворларини мустаҳкамлаб, қон ивишига қарши курашадиган флавоноидлар борлигини аниқлашди. Тажрибалар ҳатто шоколаднинг ҳиди ҳам организм­ни вируслардан ҳимоя қилишда ёрдам беришини кўрсатди.

Француз шоколад устаси Франсуа-Луи Кайе 1819 йили қаттиқ шоколад тайёрлашни ўрганади. 1830 йили Шарль-Амеде Колхер ёнғоқли, 1876 йили Даниэл Петер эса сутли шоколадни ўйлаб топади.

1828 йили голландиялик Конрад ван Хоутен какао кукунини сиқиб ёғ олишни кашф этади. Бу ихтиро ҳозиргача шоколад ишлаб чиқаришнинг асоси бўлиб хизмат қиляпти.

Ҳозир шоколад ишлаб чиқариш қандолатчиликнинг энг оммалашган йўналиши. Дунё аҳли йилига тўрт миллион тоннадан ортиқ шоколад истеъмол қилади. Албатта, бу ширинликни керагидан ортиқ ейиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Унинг меъёрдаги миқдори катта одамлар учун ҳафтасига юз грамм­га тўғри келади. Аччиқ шоколадни кўпроқ еса ҳам бўлади, у ҳатто озишга ёрдам беради.

 

Миржалол МАДВАЛИЕВ тайёрлади.