Уммон султонлиги пойтахти Масқат шаҳрида амалий санъат ва ҳунармандлик усталарининг халқаро фестивали бўлиб ўтди. Юртимиздан беш нафар иштирокчи қатнашди.

Халқаро фестивал Масқат шаҳри четидаги “Омирот” боғида ўтди. Ўнлаб хорижий давлатлардан келган халқ ҳунармандлари ва санъат усталари гуруҳлари иштирок этди.  Бразилия, Хитой ва Испания, Франция, Россия, Грузия, Марокаш, Тунис, Урдун, Ливан, Судан, Ҳиндистон, Ветнам, Малайзия, Индонезия ва бошқа бир қатор давлат вакиллари анжуман майдонида маҳоратларини намойиш қилди. Бу ерда болалар учун замонавий ўйин майдончалари, ям-яшил майсалар ва хурмо дарахтларидаги камалакранг чироқлар мафтункор жозиба бағишларди. Ҳар куни ярим тунгача шодиёна давом этди. Айниқса, Уммон салтанати давлатининг турли ҳудудларидан  келган моҳир усталар, муаттар хушбўйлик тайёрловчи атторлар барчани ўз атрофига жалб этардилар. Замонавий техника янгиликлари ҳам намойиш этилди. Фестивал иши мамлакат ойнаи жаҳонида бутун дунёга мунтазам кўрсатиб турилди.

Иштирокчилар нафақат Масқат шаҳрига, балки Назва ва Баҳла шаҳарларига ҳам саёҳат қилишди. У ердаги қадимий ёдгорликларни, қалъаларни зиёрат қилишди. Маълумотларга кўра, бу юртнинг оққўнгил,  тўғрисўз  аҳолиси  Солиҳ пайғамбарнинг , саҳоба Холид ибн Валид  зурриётларимиз деб фахрланишаркан. Энг муҳими, уларнинг сиймоларида хотиржамлик намоён ва бағрикенг инсонлар экани кўриниб туради.

У юрт кишилари Имом Бухорий, Имом Термизий ва Маҳмуд Замахшарий каби улуғ аждодларимизни яхши билишаркан. Журналистлар билан суҳбатда юртимиздаги тарихий ёдгорликлар, жумладан, биргина пойтахтимизда юз мингдан ортиқ қадимий қўлёзмалар борлигини айтдим.  Айниқса, ҳазрат Усмон Мусҳафининг Тошкентда сақланиши уларда катта қизиқиш ва эҳтиром уйғотди.

 

Ҳабибуллоҳ СОЛИҲ