Тўпқопи музейи биноси XIX аср ўрталарига қадар Усмонлилар салтанатининг саройи бўлган. “Қопи” сўзи турк тилида “дарвоза”, тўп эса “замбарак” маъноларини англатади. Қадимда “Катта сарой” ва “Улкан қаср” номлари билан машҳур бўлган. Музей Истанбул шаҳрининг марказидаги Босфор мавзеида, Мармар денгизи бурнида жойлашган. Етти юз минг квадрат метр майдондан иборат ушбу бино бир минг тўрт юз метр узунликдаги девор билан ўралган.

1453 йили Қустантинияни турклар эгаллаганидан сўнг, усмонлилар султони Маҳмуд истилочи ўзи учун Боёзид майдонида махсус сарой қурдиради. “Шоҳ майдони” номи билан аталган подшоҳнинг бу саро­йидан ҳозир деярли ҳеч нарса сақланиб қолмаган. 1475–1478 йиллари султоннинг буйруғи билан Византия хоқонлари вайронага айлантирилган бу майдонга Тўпқопи саройини бунёд этади. Султоннинг биринчи қасрининг ўрни янги барпо этилган саройнинг бир чеккасида қолиб кетса-да, ҳануз музейнинг энг қадимий жойи ҳисобланади. Илк эллик йил мобайнида султон Тўпқопи саройидан иш қароргоҳи сифатида фойдаланади. Сулаймон I нинг славян канизаги, кейинчалик хотини бўлган Раксолана илтимоси билан Тўпқопи қайта таъмирланиб, турли безаклар билан бо­йитилади. Тўрт юз йил Тўпқопи усмонлилар ҳоқонлиги даврида йигирма беш нафар султоннинг асосий саройи вазифасини ўтайди. 1854 йилдагина султон Абдумажид I “Дўлмабоғча” саройига кўчиб ўтади. 1923 йили мамлакат республика деб ­эълон қилингандан кейин Камол Отатурк бошқа қадимий иншоотлар каби Тўпқопи саро­йини ҳам музейга айлантиради.

Тўпқопи музейининг қури­лиш услубига келсак, у тўрт ҳовлига бўлинган. Султон Ҳумоюн эшиги асосий дарвозасидир. Кейинчалик масжидга айлантирилган қадимий Ирина ибодатхонаси ҳам шу ерда бўлган. Шунингдек, архео­логик топилмалар ва қадимий шарқ дурдоналари ҳозир шу ерда сақланади. Султон девони ва хазинаси сақланган иккинчи ҳовли дарвозаси Салом эшиги деб аталади. Ҳовлининг ўнг томонида “Жаллод” фаввораси бор. Унинг чап томонидаги саккиз гумбазли, лабиринтсимон хоналарда султонлик қурол-аслаҳалари, ошхона анжомлари ҳамда хитой чинни ва мис идишлари сақланади. Учинчи ҳовлига кириш дарвозаси Ҳаловат эшиги деб аталган. Султоннинг оила аъзолари шу ерда яшаган. “Эндеруҳн” деб ҳам номланган ушбу майдоннинг бир қисми қадимда ходимларни бошқариш бўлими вазифасини ўтаган. Бу ерда Салим I қурдирган тахтиравон жойлашган. Тахтиравон орқасида Аҳмад III кутубхонаси бўлган. Кутубхонанинг чап бурчагида эса Ислом динига оид табаррук ашёлар, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг  муборак сочлари, тишлари, оёқ излари, ридолари сақланади. Абу Бакр Сиддиқ ва Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳумо) каби саҳобаларнинг қиличлари ҳамда шахсий буюмлари ҳам шу ердан ўрин олган. Бундай қимматбаҳо эсдаликларни 1517 йили Салим I Саудия Арабистони ва Мисрдан келтирган. Ҳовлининг ўнг то­монида тилла ва мисдан ишланган турли тошлар, қутичалар ва ғаладонлар сақланади. “Софа”, “Мажидия” ва “Башлала” дарвозалари деб номланувчи тўртинчи ҳовли шийпонлар, равонлар, ҳовуз ва сайргоҳдан иборат.

Ҳозирги кунда Тўпқопи дунё­даги йирик ва машҳур музейлардан биридир. Унда намойиш этилаётган дурдоналар олтмиш беш мингдан ортиқ. Бундан ташқари оммавий кўргазмага қўйилмаган қадимий буюмлар ҳам талайгина.

 

Азизхон Ҳакимов тайёрлади.