Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг ўн еттинчи ҳижрий йили Шом ва Ироқ тўла фатҳ қилинди.

Ҳижрий йигирманчи йили Миср, йигирма биринчи йили Форс ери фатҳ этилди. Эллик олтинчи йилида мусулмонлар Самарқандга етиб келишди.Тўқсон учинчи йили Андалус Ислом диёрига айланди.Исломни қабул қилганларга дин ҳукмларини ўргатадиган муаллимлар, саҳобалар жўнатилди. Кўп саҳобалар ўз хоҳишлари билан ҳам янги фатҳ қилинган ерларга бориб, ўша ерларда муқим яшаб қолишди.

Саҳобалар борган жойлар Қуръон ва ҳадис илми марказларига айланарди. Саҳобалар билан учрашиб, улардан таълим олганлар “тобеинлар” яъни “эргашувчилар” деб номланишди. Саҳобалардан сўнг улар суннат ҳимоячилари ва ҳадис ровийлари бўлишди. Саҳобалар масжидларда шогирдлари – тобеинларга Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитган-билганларини таълим беришарди. Саҳобалар борган ҳар бир шаҳар ва юртда ҳадис мактаблари юзага келди. Бу мактаблардан юзлаб, минглаб тобеинлар етишиб чиқди. Ана шундай мактаблардан машҳурларини мисол тариқасида санаб ўтамиз:

Мадина ҳадис мактаби. Устозсаҳобалар: Абу Бакр, Умар, Кўфага кўчишидан олдин Али, Абу Ҳурайра, Ойша, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Саид Худрий, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум).

Бу мактабда етишган муҳаддис тобеинлар:Саид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд, Солим ибн Абдуллоҳ, Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр, Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъ (раҳимаҳумуллоҳ).

Макка ҳадис мактаби. Устоз саҳобалар:Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб Махзумий, Итоб ибн Усайд, Холид ибн Усайд, Ҳакам ибн Абул Ос, Усмон ибн Талҳа (розияллоҳу анҳум).

Бу мактабда етиишган муҳаддис тобеинлар:Мужоҳид ибн Жабр, Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима, Ато ибн Абу Рабоҳ (раҳимаҳумуллоҳ).

Кўфа ҳадис мактаби. Устоз саҳобалар:Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арат, Салмон Форсий, Ҳузайфа ибн Ямон, Аммор ибн Ёсир, Абу Мусо Ашъарий, Баро ибн Озиб, Муғийра ибн Шуъба, Нўъмон ибн Башир, Абу Туфайл, Абу Жуҳайфа ва бошқалар (розияллоҳу анҳум).

Бу мактабда етишган муҳаддис тобеинлар:Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Убайда ибн Амр Салмоний, Асвад ибн Язид Нахаий, Шурайҳ ибн Ҳорис, Иброҳим ибн Язид Нахаий, Саид ибн Жубайр, Омир ибн Шураҳил Шаъбий (раҳимаҳумуллоҳ).

Басра ҳадис мактаби. Устоз саҳобалар:Анас ибн Молик, Утба ибн Ғазвон, Имрон ибн Ҳусайн, Абу Барза Асламий, Маъқил ибн Ясор, Абу Бакра, Абдурраҳмон ибн Самура, Абдуллоҳ ибн Шиххир, Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳум).

Бу мактабда етишган муҳаддис тобеинлар:Абул Олия Рафиъ ибн Меҳрон Райёҳий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирин, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диома Давсий, Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххир, Абу Бурда ибн Абу Мусо (раҳимаҳумуллоҳ).

Шом ҳадис мактаби. Устоз саҳобалар:Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абу Дардо, Абдурраҳмон ибн Ғанам, Шураҳбил ибн Ҳасана, Фазл ибн Аббос, Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳум).

Ундан етишиб чиққан муҳаддис тобеинлар:Абу Идрис Хавлоний, Қабиса ибн Зуайб, Макҳул ибн Абу Муслим, Ражо ибн Ҳайва (раҳимаҳумуллоҳ).

Миср ҳадис мактаби. Ундаги устоз саҳобалар:Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Уқба ибн Омир Жуҳаний, Хорижа ибн Ҳузофа, Абдуллоҳ ибн Саъд, Маҳмия ибн Жуз, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Абу Басра Ғифорий, Абу Саъд Хайр, Муоз ибн Анас Жуҳаний (розияллоҳу анҳум).

Бу мактабда етишган муҳаддис тобеинлар:Мирсад ибн Абдуллоҳ ва бошқалар (раҳимаҳумуллоҳ).

 

Жамшид Шодиевтайёрлади.