Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларнинг замонлари узоқлашган сари, Қуръони карим тафсирларига мурожаат қилишга эҳтиёж ортиб борди.

Саҳобалар орасидан улуғ муфассирлар чиққан. Тобеинлар орасида ҳам Қуръон маъноларини яхши биладиган олимлар кўп эди. Улар оят ва ҳадисларнинг маъноларини саҳобаларнинг сўзларига суя­ниб тушунишган. Ҳофиз Ибн Касир бундай дейди: "Агар бирор оятнинг тафсирини оятлардан ёки суннатдан топмасак, саҳобаларнинг тафсирига мурожаат қиламиз. Улар фаросатлари ўткир, илмлари соғ­лом, амаллари солиҳ кишилардир. Хусусан, улар орасида тўрт имом, рошид халифалар, ҳидоят топган имомлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) сингари уламолари, улуғлари бордир".

Тафсир китобларига қаралса, тобеинларнинг раъй ва ижтиҳодлари билан айтилган, Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам, саҳобалардан ҳам ривоят қилинмаган ўринлар кўп учрайди.

Шаҳарларда турли илмий мактаблар юзага келгани тарихдан маълум. Унда саҳобалар муаллим, тобеинлар эса шогирд бўлган. Айниқса, Макка, Мадина ва Куфа илм марказларига айланган.

Макка шаҳрида улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бошчилигида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима – Ибн Аббоснинг мавлоси, Товус ибн Кайсон Яманий ва Ато ибн Абу Рабоҳ каби етук муфассирлар етишиб чиқди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида, Мадинаи мунавварада кўплаб саҳобалар истиқомат қилишарди. Шаҳарда саҳобалардан таълим оладиган тобеинлар ҳам кўп эди. Мадина аҳлининг улуғларидан бўлган, тафсир илмининг билимдони Убай ибн Каъбдан (розияллоҳу анҳу) таълим олган Зайд ибн Аслам, Абул Олия ва Муҳаммад ибн Қуразий тафсир илмининг пешқадамларига айланди.

Саҳобанинг шогирдлари орасидан Алқама ибн Қайс, Масруқ, Асвад ибн Язид, Мурра Ҳамадоний, Омир Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода ибн Диъома Судусий тафсир илмида машҳур бўлди.

Тафсир илми шу тариқа ҳар томонлама мукаммаллашиб борди ва ўзи алоҳида илм бўлиб шаклланди.

Мовароуннаҳрдан ҳам Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий Имом Ҳодий ("Баҳрул улум"), Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Замахшарий ("Кашшофул ҳақоиқи ва уйунил аҳволи фи вужуҳит таъвил"– Кашшоф номи билан машҳур), Мотурудия таълимотининг асосчиси Абу Мансур Муҳаммад Мотуридий Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) (870–944, "Китабут таъвилотил Қуръон" – Қуръон таъвиллари китоби) каби улуғ муфассирлар етишиб чиқди.

Уларнинг асарлари ақидавий низоларни бартараф этишда қўлланма вазифасини ўтайди.

 

Мақсуджон ҒОИПОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси