Занжабил йўғон илдиз-пояли кўп йиллик ўт ўсимлик. Асосан тропик ва субтропик минтақаларда, хусусан Жанубий ва Жанубий-Шар­қий Осиёда ўсади. Ҳатто, қуриган илдизи хушбўй ҳидли ва мазали бўлиб, эфир мойига бой. Майдаланмаган занжабилнинг хушбўй ҳиди майдаланганига нисбатан узоқ сақланади. Туйиб элакланган талқони табобатда жигар, юрак, меъда хасталигини даволашда ишлатилади.

Озиқ-овқат саноатида, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва пазандачиликда, баъзи овқатларга (пишиш олдидан) майдаланган зиравор сифатида қўшиб ишлатилади.

Оқ, сариқ ёки қизил занжабилнинг 30 грамм қуритилган илдизи 20 к/кал қувват беради, шунингдек, ундаги калий, магний, мис, кальций оксиди ва В6 витамини инсон жисмининг бу моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжининг 3 фоизини қондиради.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ҳомиладорликдаги кўнгил айнишида, организмнинг иммунитетни кучайтириш ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида қайноқ сут ёки чойга бир оз занжабил илдизидан қўшиб ичиш фойдали экан. Шунингдек, қорин оғриғи ва дам бўлишини енгиллатишда ҳам ишлатилади.

Занжабилни имом Ибн ал-Қаййим "Ат Тиббун-набавий" асарида қиздирувчи, таом ҳазмини енгиллатувчи, қоринни юмшатувчи, меъда ва ичакларда йиғилган ғализ елни ҳайдовчи, балғам қуритувчи, куч-қувватни кўпайтирувчи шифобахш гиёҳ деб таърифлаган.

Ҳозирги замон тиббиёт илми шамоллашлар, грипп асоратларидан сақланишда, юрак ва ўсма касалликларининг олдини олишда бу гиёҳ илдизи самарали таъсир этишини тасдиқламоқда.

 

Жалолиддин НУРИДДИНОВ тайёрлади.