Болалик ҳовлимизда уч-тўрт туп балх тути бўларди (ҳозир бир тупгина қолган, қолганлари иморат солиш баҳонасида кесилиб кетган). Апрел бошланиши билан тутга маза кира бошларди. Бир-бир ярим ой давом этадиган тут пишиғи, айниқса, биз болаларга қувонч олиб келарди. Каллаи саҳарлаб чой ҳам ичмасдан дарахтга осилардик.

- Ер билан битта бўлиб тўкилиб ётганини қаранглар, шуларни есанглар бўлмайдими? Увол-ку, ахир! - дея дашном берардилар онажоним.

Биз ҳам "хўп" деб, ердан бир-икки дона териб оғзимизга солган бўлардигу, тағин ўз билганимиздан қолмасдик. Онам яна беозор койирдилар:

- Ҳаҳ, шумтакалар-а, кўпам тепага чиқманглар, пастроқдан есангларам бўлади-ку...

Кейин биримизни чақириб тайинлардилар:

- Каттароқ дастурхонни олиб чиқ, болам, тут пишиб кетибди. Тўкилиб, увол бўляпти. Қоқсак, қўшниларга улашамиз, уларниям оғзи тегсин.

Бирпасда ҳовлимиз қий-чувга тўлиб кетарди. Ҳашарга чақирилган қўшниларнинг болалари дастурхонга тушмай, ерга тўкилаётган тутларни сабрсизлик билан териб оғзиларига солишарди.

- Тут жуда ажойиб мева-да, - деб луқма ташларди аёллардан бири. - Бир-икки тўйиб есанг, тананг қанча дардлардан фориғ бўлади.

- Нимасини айтасиз, - дердилар онам очиқкўнгиллик билан. - Шунинг учун ҳам сизларга илинаман-да! Болаларингизни чиқариб туринг, уларнинг ҳам ҳақи бор. Бекоргаям тўкилиб увол бўляпти.

Тутга шундай барака кириб кетардики, уч-тўрт эшик наридаги қўшниларгача тарқатиб чиқардик. Орадан икки кун ўтмай яна оппоқ бўлиб пишарди. Яна қўшниларни ҳашарга чақириш учун ғизиллардик...

 

Равшан ИСОҚОВ