Ҳадис илми асосий мавзуларига киришдан олдин бу илмнинг тармоқлари, таркибий қисмлари ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилиш зарур.

Олимлар ҳадис илмини икки асосий қисмга: ривоят илми ва дироят илмига бўлишган.

Ривоят илми Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари, ишлари, уларни ривоят қилиш, лафзларини қоғозга туширишни ўз ичига олади.

Дироят илми, мусталаҳ илми деб ҳам юритилади. У санад ва матн ҳолатларини ўрганадиган илмдир.

Ҳадисшунос олим Нуриддин Итр “Манҳажун нақд фи улумил ҳадис” китобида ҳадис илмларини атрофлича ўрганиб қуйидаги бўлимларга ажратади.

1. Ҳадис ровийларига боғлиқ илмлар. Бу илмда қуйидаги масалалар ўрганилади:

– ровийларнинг исмлари, кунялари, лақаблари, табақалари, ҳар бир табақанинг таърифи;

– ровийларнинг туғилган ва вафот этган йиллари;

– ровийнинг ривоятини қабул қилиш ва рад қилиш шартлари;

– ишончли ва заиф ровийлар;

– жарҳ ва таъдил (ровийнинг ишончли ёки ишончсизлигини топиш) қоидалари.

Муҳаддислар мазкур бўлимларнинг ҳар бирига оид асарлар битишган. Ибн Ҳиббоннинг “Сиқот” (Ишончли ровийлар) китоби, Ибн Адийнинг “Ал комил физ зуаъфа” (Заиф ровийлар тўғрисида мукаммал китоб) китоби, Абу Ҳотим Розийнинг “Ал жарҳ ват таъдил” (Ровийларнинг айбли ёки ишончлилигини топиш) китоби, Имом Бухорийнинг “Ат тарихул кабир” (Катта тарих) китоби ана шундай асарлардан.

2. Ҳадис ривоятига оид илмлар. Бунда қуйидагилар ўрганилади:

– Ҳадис толиби одоблари;

– Муҳаддис одоблари;

– Ҳадисни эшитиш, қабул қилиб олиш, аниқ сақлаб қолиш (забт);

– Ҳадисни ривоят қилиш сифати, адо этиш шарти;

– Ҳадисни ёзиш, аниқлаш.

Ушбу илмларга доир асарларга Хатиб Бағдодийнинг “Ал кифоя фи илмир ривоя”, “Ал жомеъ ли ахлоқир ровий ва одобис сомиъ” каби асарларни киритиш мумкин.

3. Ҳадисни қабул қилиш ва рад этиш илми.

Бу илмда ривоят қилинган ҳадиснинг Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нисбат берилиши тўғри ёки тўғри эмаслиги ўрганилади. Шу жиҳатдан ҳадис мақбул (қабул қилинадиган) ва мардуд (рад этиладиган) турларга ажралади. Сўзи шу икки турга кирувчи ҳадис турлари алоҳида ўрганилади. Мақбул ҳадислар саҳиҳ, ҳасан ҳадисларга бўлинади. Улар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида, Имом Моликнинг “Муватто” китоби, тўртта “Сунан” китобларида жамланган.

Мавзу, заиф, мунқатиъ каби ҳадислар мардуд ҳадислар саналиб, улар ҳақида ҳам алоҳида китоблар таълиф этилган. Имом Суютийнинг “Ал алаил маснуъа фил аҳадисил мавзуъа” китоби, мавзу (тўқима) ҳадисларни тўплаган асардир.

4. Матнга боғлиқ илмлар. Матн бу ровийлар силсиласи орқали бизга етиб келган Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлари, ишлари ёки ўзларига боғлиқ бирор ҳодиса баёнидир.

Бу илмларни ҳам уч қисмга ажратиш мумкин: матнни етказувчи жиҳатидан, матнни шарҳлаш билан боғлиқ илм, ривоят қилинган матнни бошқа матнлар ва ҳадисларга солиштиришдан келиб чиқадиган илмлар. Шунингдек, бу илмларга ғарибул ҳадис (матндаги тушунарсиз сўзларни шарҳлаш) илми, ҳадисдаги носих ва мансухлар, “мушкулул ҳадис” (зоҳири бир-бирига зид кўринган ҳадислар) илми ҳам киради. Бу илмларда Ибн Асирнинг “Ан ниҳоя”, Ибн Қутайбанинг “Таъвилу мухталифил ҳадис” каби асарлари машҳур.

5. Санадга боғлиқ илмлар.Санад матнга олиб борувчи ровийлар силсиласидир. Бунда ушбу силсиланинг қай даражада боғлангани, узилишлари бор ёки йўқлиги ўрганилади.

6. Матнга ҳам санадга ҳам боғлиқ илмлар. Ҳадисларни тўлиғича бошқа ҳадислар билан солиштириш натижасида уларнинг ўхшаши бор-йўқлиги маълум бўлади. Ҳадис бир йўлдан ривоят қилинган бўлса, фард ҳадис, кўп йўллардан ривоят қилинган бўлса, мутавотир, машҳур каби турларга бўлинади. Бу мавзуда Доруқутнийнинг “Ал афрод”, Имом Суютийнинг “Ал азҳорул мутаносира фил ахборил мутавотира” каби асарлари машҳур бўлган.

Жамшид Шодиев тайёрлади.