Топилмаса сув ҳам кўп қиммат,

Топилганда қадрсиз албат.

Абдулмажид Саноний

 

Сув курраи заминдаги энг бебаҳо хазина, табиат мўъжизаси, қолаверса, ердаги ажабтовур минерал моддалардан биридир.

* Сув – бу денгизлар, кўллар, дарёлар, инсон қўли билан яратилган сув омборлари, ғаройиб кўринишдаги булутлар, ёмғир томчилари, қор, музлар демакдир. Ер юзасида, ер остида унинг ҳар бир заррачаси, тупроқ, тоғ жинслари, ҳатто вулқон оғзидан отилиб, қайнаб чиқаётган оловли магма таркибида ҳам сув бор. Барча ўсимлик ва ҳайвонот организмларининг асосий қисми ҳам сувдан иборат.

* Одам танасининг 68 фоизини, сабзавот ва полиз экинларининг деярли 90 – 95 фоизини сув ташкил қилади. Бир қултум сув ҳаётни сақлаб қолишга сабаб бўлиши – ҳақиқат! Тирик организмнинг суюқликка бўлган эҳтиёжини сув билангина қондириш мумкин. Агар ҳайвон ўз танасидаги ёғ моддасини бутунлай, оқсил моддасининг эса 50 фоизини йўқотса ҳам ўлмайди. Аммо танасидаги 10 фоиз сувдан маҳрум бўлса, тезда нобуд бўлади.

Бу борада инсон бир оз бардошлироқ, танасидаги сувнинг 6 – 8 фоизини йўқотса, ҳушидан кетиши мумкин. Мазкур миқдор 10 фоизга етганда, кўзига алланималар кўриниб, алаҳлайди. Танасидаги сувсизланиш 12 фоизга етган одамни шифокор ёрдамисиз ўзига келтириб бўлмайди, чунки юрак қуюқлашиб кетган қонни томирларга ҳайдай олмай қолади.

* Саноатда – асослар, кислоталар, водород ва спиртлар каби зарур моддаларни ишлаб чиқаришда сув бевосита иштирок этади. Эритувчи ва совитиш воситаси сифатида ҳам турли соҳаларда ундан фойдаланилади. Масалан, 1 тонна пўлат ишлаб чиқариш учун 150 м3, 1 тонна чит ишлаб чиқариш учун 1000 м3, 1 тонна сунъий тола ишлаб чиқариш учун 3000 м3 тоза сув керак бўлади.

Сув оби ҳаёт, тириклик манбаи бўлиб қолмай, покловчи, иллатлардан халос этувчи восита ҳамдир. Яратганнинг бу мўъжизасига кунда таҳсин айтиб, унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз. Бу фикрга қўшилмаганлар бўлса... атиги бир кунингизни сувсиз тасаввур этиб кўринг...

 

Mавжуда Ғуломова,

Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом билим юрти мударрисаси