Йигирма биринчи аср глобаллашув асридир. Яъни, дунё яхлитлашмоқда ва бу жараён мамлакатлардаги ижтимоий табақалар ҳамда мамлакатлараро ҳаёт даражаси, турмуш тарзининг тафовутлари билан қоришиб, трансчегаравий миграция жараёнларини кучайтирмоқда. Бугун дунёда 300 миллиондан зиёд меҳнат мигрантлари борлиги, уларнинг фаолияти доирасида 400 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ айланаётгани айтилмоқда. Бу жаҳон иқтисодиётига ва ижтимоий ҳаётига катта таъсир этаётгани сир эмас.

Мамлакатимиз ҳам жаҳон иқтисодий ва сиёсий жараёнларига интеграциялашаётган юртдир ва миграция жараёнлари бизни ҳам четлаб ўтмаган. Мазкур жараённи қонуний йўлга солиш, меҳнат миграциясининг салбий оқибатлари – одам савдоси сингари иллатларнинг олдини олиш учун юртимизда давлат миқёсида тадбирлар кўриляпти. Шундай тадбирлардан бири ўлароқ Ўзбекистонда 2012 йилнинг кузидан бошлаб ўзбек, рус ва инглиз тилларида ”Миграция, меҳнат ва хавфсизлик” – “Миграция, труд и безопасность” – “Migration, labor and security” журнали чоп этилмоқда. Муассис – Ўзбекистон Республикаси Ташқи миграция агентлиги, Чет элга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказидир.

Журналнинг асосий вазифалари ҳамда мақсадлари фуқароларни чет элларда ишлашга оид ҳақ-ҳуқуқларини тарғиб этиш, миграциянинг қонуний йўлларини кўрсатиш ва ноқонуний миграциянинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш, миграция ва одам савдосига оид халқаро ва миллий қонунчилик меъёрларини чоп этиш ва шарҳлаш, меҳнат миграциясига доир маълумотлар тақдим этиш, мигрантларнинг юрти билан маданий, маърифий алоқаларини мустаҳкамлаш ва бошқалардир.

Журнал таҳририяти ва муаллифлари хорижга меҳнат қилиш учун кетаётган фуқароларимизнинг Ватани, халқи ва оиласи билан ҳамнафас бўлиб қолишларида кўмаклашишни истайди. Бошқа мамлакатларда фаолият юритаётган юртдошларимизнинг феъли, маданияти, маънавияти, ўзини тутишига қараб, ўша мамлакат аҳли юртимиз ва одамларимиз ҳақида хулоса чиқаради. Шу боис четга чиқаётган одам миллатимизнинг шаъни, қадр-қимматини баланд тутмоғи керак.

Сир эмас, ўзга юртда юрган юртдошларни ўша мамлакат тилига, урф-одатларига олдиндан ўргатиш уларнинг жамиятга мослашишлари ва ўзликларини асрашлари учун муҳимдир. Ўзликни англатувчи мақолалар ҳам журналнинг мундарижасини белгилайди. Борган юртдаги қонунларга риоя этиш, аҳолининг урф-одатларига муносиб ёндашиш керак.

Хориждаги юртдошларни ОИТС сингари хавфли хасталиклардан асраш баробарида уларнинг қалбини асраш ҳам керакдир, чунки уларни ўзига оғдиришга уринадиган бузғунчи оқимлар йўқ эмас. Биз юртдошларимиз қаерда бўлсалар ҳам соф исломий ақидаларимизга содиқ бўлишларини, мутаассибликдан сақланишларини истаймиз.

Биз журналда хорижга қонуний ишлаш учун бориш йўл-йўриқларини, афзалликларини ёритамиз, ноқонуний йўлларнинг, одам савдосининг салбий оқибатини кўрсатамиз. Ҳамма ерда қораланадиган террорчилик, қўпорувчилик билан машғул тўдалардан, сиёсий ўйинлардан мигрантларни огоҳ этишга ҳаракат қиламиз.

Журналимизда хориждаги ватандошларимизга юртни эслатиб туриш учун юртнинг шаҳарлари, одамлари, ислоҳотлар жараёни ҳақида ҳам мақолалар ёритилмоқда. Халқимизнинг миллий қадриятлари, маросимлари, овқат пишириш сирларигача маълумот берилмоқда. Қолаверса, юртдошларимиз миллий маданиятимизни ўзга юртларда ҳам тарғиб қилишларини хоҳлаймиз.

Миграция жараёнининг муқаррар, кўпқатламли ва кўпқиррали жараён экани аниқ. Унинг қонунийлашуви, такомиллашуви учун xалқаро ва минтақавий даражада бир ёқадан бош чиқариб, жиддий ҳаракатлар қилиниши зарур.

Карим БАҲРИЕВ,

журнал бош муҳаррири