Кўпчилик ўқувчиларни халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мигрантлар мақоми қандай белгиланганлиги қизиқтиради. Шу сабабли мухбиримиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси Икромжон МАРДОНОВга саволлар билан мурожаат қилди

 

САВОЛ: “Мигрант” деганда қандай шахслар тушунилади?

ЖАВОБ: “Мигрант” деганда давлатларда ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланадиган, шуғулланган ва шуғулланаётган ўзга мамлакат фуқаролари тушунилади.

 

Савол: Модомики, мигрантлар ўз давлатидан ташқарида ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланувчи шахслар экан, уларнинг мақоми, ҳолати ва муҳофазаси халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда акс этиши англашилади. Бу борада қандай халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган?

ЖАВОБ: Қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Масалан, Халқаро Меҳнат ташкилоти томонидан 1939 йилдаёқ Ишчи-мигрантлар тўғрисидаги конвенция, 1975 йилда эса яна бир конвенция қабул қилинди. 1977 йилда Европа Кенгаши ишчи-мигрантларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги Европа конвенциясини тасдиқлаган бўлса, 1990 йилнинг 18 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси “Барча ишчи-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро конвенцияни қабул қилди. Мазкур конвенциянинг асосий мазмун-моҳияти – умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларининг мигрантларга ҳам тааллуқли эканини тан олишдан иборатдир.

 

САВОЛ: Конвенцияда мигрантлар мақомининг яна қандай муҳим жиҳатлари акс этган?

ЖАВОБ: Бу ўринда конвенция қоидаларининг бир жиҳатини алоҳида қайд этиш жоиз: конвенцияга қўшилган давлатлар мигрантларнинг маданий ўзига хослигига ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳамда уларнинг наслнасаби дахлдор мамлакат билан маданий алоқаларни амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги талаб этилади.

 

САВОЛ: Бирор давлатнинг мигрантлар фаолиятини тартибга солувчи қонунларида халқаро ҳуқуқий меъёрларга зид келадиган ҳолатлар юзага келганда, қай бири амалиётга татбиқ этилади?

ЖАВОБ: Бундай ҳолатда сўзсиз халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоида қўлланилади. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни тан олиш эса БМТга аъзо бўлган ҳар бир давлатнинг мажбурияти ҳисобланади.